Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 43 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Тадбиркорлик ривожи ва эркинлиги-юрт фаровонлиги кафолатидир

×

 2022-09-21 19:58:13    142

PDF yuklash
Chop etish


Мамлакатимизда фаолият олиб бораётган тадбиркорларимиз ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар – бу давлатимиз томонидан олиб борилаётган тўғри сиёсатнинг меваси бўлиб, бундан кўзланган асосий мақсад хусусий секторни янада ривожлантириш, эркинлаштириш ҳамда шу йўл билан юз минглаб фуқароларимиз учун қўшимча иш ўринларни яратишдан иборатдир.

Зеро, иқтисодиётнинг бир секторининг ривожланиши бошқа секторлар ривожига ҳам ўз таъсирини кўрсатиши бу табиий бир ҳол бўлиб, бу борада  давлатимиз томонидан комплекс тадбирлар ишлаб чиқилган ва уларни амалга ошириш юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда. 

Бу борада, Фарғона вилоят суди иқтисодий судлов ҳайъати ва туманлараро иқтисодий судлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилган.

Хусусан, тегишли иқтисодий судларга жорий йилнинг 1 сентябрь кунига  қадар хусусий тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан кичик бизнес субъектлари, фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар даъвогарлиги бўйича жами 614 та иш кўрилган. Кўрилган ишлардан 484 та (78,8 фоиз) қаноатлантирилган, 67 та (10,9 фоиз) рад қилинган, 24 таси (3,9 фоиз) бўйича иш юритишдан тугатилган, 39 та (6,3 фоиз) кўрмасдан қолдирилган.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бу тоифадаги ишлар 177 та ёки 22,3 фоизга камайган.

Республикамизда тадбиркорлик ва ишбилармонликни ривожлантириш борасида бўлаётган эътибор давлат сиёсати даражасида бўлиб, мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада яхшилаш юзасидан амалий қадамлар ташланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2022 йил 22 август куни мамлакатимиз тадбиркорлари билан “очиқ мулоқот” ўтказилди.

Мазкур мулоқот доирасида тадбиркорлардан келиб тушган 12 мингдан ортиқ мурожаатда кўтарилган тизимли муаммоларнинг ечими бўйича таклиф ва ташаббусларни амалга ошириш ҳамда «очиқ мулоқот»да белгиланган устувор вазифаларни бажариш мақсадида Президентимиз томонидан  2022 йил 30 август куни ПҚ-364-сонли қарори билан “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ тадбиркорларни тоифаларга ажратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан бирга, амалдаги қонунчиликка ҳам тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада ҳимоясини кучайтирадиган ва бир қатор имтиёзлар кўзда тутилган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиб, амалиётга тадбиқ қилиш ҳам кўрсатиб ўтилди.

Чунончи, 2023 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкасини 12 фоиз (ҳозирда 15 фоиз) этиб белгилаш ҳақида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланди.

Шунингдек, лицензия ва рухсатномалар ҳамда улар бўйича белгиланган талабларни тўлиқ хатловдан ўтказиш, натижаси бўйича лицензия ва рухсатномалар сонини камайтириш, уларни хабардор этиш тартибига ўтказиш, бир-бирини такрорловчи ва бюрократик талабларни бекор қилиш орқали лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш юзасидан Президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқилиши қайд этилди.

Бундан ташқари, тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида бир қатор мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида ҳам бир қатор чора-тадбирлар ҳам белгилаб олинди.

Хусусан, ер ва мулк ажратиш ҳақидаги қарорларни бекор қилишни фақат суд тартибида амалга ошириш. Бунда, мулк ҳуқуқига оид қарорлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан бекор қилинишига йўл қўйилмаслигини белгилаш, юридик шахс тугатилганда, унинг ерга бўлган ҳуқуқини ҳам бекор қилиш амалиётидан воз кечиш, дастлабки тергов жараёнида мол-мулкни асоссиз хатлаб қўйиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ушбу амалиётни фақат суд тартибида амалга ошириш каби амалдаги қонунчиликка ўзгартириш киритиш таклиф этилди.

Тадбиркорлар учун кўзда тутилаётган енгилликлардан бири суд харажатини ҳам қисқартириш бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритиш каби таклифлар ҳам илгари сурилди.

Мисол учун, тадбиркорларнинг маъмурий судларга ариза беришида давлат божи ставкасини 2 бараварга камайтириш, тадбиркорларнинг иқтисодий судларга бериладиган даъво аризалари бўйича давлат божи миқдорини қайта кўриб чиқиш, тадбиркорлар солиқ идораларининг қарори устидан судга шикоят киритиш муддатини 3 йилгача узайтириш, тадбиркорларнинг банкдаги ҳисобрақамидан пул маблағларини унинг розилигисиз кўчириш ёки олиб қўйиш ҳолатлари бўйича маъмурий ва жиноий жавобгарлик чораларини белгилаш шу жумласидандир.

Шунингдек, мамлакатимиз раҳбари томонидан тадбиркорлар фаолиятини назорат қилиш ва уларни жавобгарликка тортишни янада эркинлаштириш борасида ҳам алоҳида кўрсатмалар берилди.

Жумладан, тадбиркорларга нисбатан янги турдаги жазо чораларини жорий қилишга 3 йиллик мораторий эълон қилиш, тадбиркорларга нисбатан мажбуриятлар юклайдиган янги қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган талабларни бажармаганлик учун уларга нисбатан 6 ой давомида жавобгарлик чоралари қўлланилмаслигини белгилаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилларини мураккаблаштиришни назарда тутадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг кучга кириш муддатларини қайта кўриб чиқиш, савдо қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик чораларини бекор қилиш, биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган микро ва кичик бизнес субъектларига жавобгарлик чораларини қўлламаган ҳолда, камчиликларни бартараф этишга кўмаклашишни назарда тутадиган тизим яратиш ҳамда жарималар миқдорини қайта кўриб чиқиш бўйича таклиф киритиш назарда тутилди.

Маълумки, тадбиркорларимиз томонидан республикамиз аҳолисини  сифатли ишлаб чиқариш маҳсулотлари билан таъминлашдан ташқари, айрим ишбилармонларимиз ташқи бозорга ўз маҳсулотларини экспорт қилиб келмоқда. Бу эса ўз ўрнида мамлакатимизни янада кўпроқ валюта билан таъминлашда ва фуқароларимизни эркин валютага бўлган эҳтиёжини тўла қондиришга кенг имкониятлар яратмоқда.

Шу билан бирга, айрим ҳолатларда ташқи бозорга чиқарилган ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учун дебиторлик қарздорликларни у ёки бу сабабларга кўра, ундириш чораларини кўрмаслик ҳоллари ҳам мавжуд бўлиб, бундай ҳолатларда амалдаги қонунчилик бўйича солиқ органлари томонидан жарима санкциялари қўлланилиши белгиланган.

      Мазкур ҳолатларни эътиборга олиб. Президентимиз ташаббуси билан тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва айрим жарима санкцияларини олиб ташлаш мақсадида келиб тушмаган валюта миқдори экспорт шартномалари доирасида экспортга юкланган маҳсулотнинг 5 фоизидан ошмаган тақдирда муддати ўтган дебитор қарздорлик сифатида ҳисобламаслик ва жарима санкцияларини қўлламаслик, кредит нота қоидаларини қўллашда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан амалдаги қонунчиликка ўзгартириш юзасидан ҳам тегишли кўрсатмалар берилди.

Шубҳасиз, амалдаги қонунчиликка киритилиши кўзда тутилаётган  ўзгаришлар мамлакатимиздаги кичик ва ўрта бизнес ривожланишига самарали кўмак бериш билан бирга, уларнинг фаолиятида келиб чиқаётган муаммо ва тўсиқларни бартараф  этишга хизмат қилади ва ўз ўрнида ижтимоий ҳаётни бунданда фаровон бўлишига жиддий туртки бўлади.

Алишер Мадаминов

Вилоят суди раиси ўринбосари