Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Таъзия
2022-09-17 13:28:07 133
Бугун, 17 сентябр куни эрталаб Ўзбекистон тумани ҳокимлигининг нашри “Яйпан овози” газетаси бош муҳаррири Комилжон Шерматов маълум муддат давом этган ҳасталикдан сўнг 67 ёшида вафот этди. Марҳумнинг жанозаси бугун соат 16:00 да унинг хонадонида, Ўзбекистон туманидаги Бузуқўрғон МФЙ, Аҳиллик маҳалласида ўтказилади.
Дастлабки меҳнат фаолиятини 1972 йилда Тошкент полиграф комбинати ишчиси вазифасида бошлаган фидоий ва жонкуяр журналист 1981 йилдан туманимизнинг нафақат матбуот соҳасида, балки давлат ва жамоат ташкилотларида ҳам салмоқли фаолият олиб борди. Хусусан, ўтган давр мобайнида туман радио эшиттириш бўлими муҳаррири, Ўзбекистон ХДП туман Кенгаши партия ташкилотчиси, “Маънавият-маърифат” маркази туман бўлими раиси, туман ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари каби вазифаларда самарали меҳнат қилиб, туманни ижтимоий-иқтисодий ва бошқа кўплаб соҳаларидаги ривожига муносиб ҳисса қўшган.
Узоқ йиллар давомида туман ҳокимлигининг нашри “Яйпан овози”газетасида турли масъул вазифаларда ижод қилиб, мамлакатимиз ва туман ҳаётига оид туркум мақола ва хабарларни ўқувчиларга тақдим этишдаги фаоллигини 2011 йилдан шу нашрда бош муҳаррир сифатида ҳам давом эттириб келди.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.