Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Оммавий ахборот воситалари вакиллари пресс тур ва матбуот анжумани давомида Ўзбекистон туманида “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотларга эга бўлдилар
2022-08-22 20:55:52 143
Ўзбекистон туманида “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида бунёдкорлик-ободонлаштириш ва таъмирлаш ишларидан оммавий ахборот воситалари вакилларини хабардор қилиш мақсадида навбатдаги пресс-тур ва матбуот анжумани ўтказилди.
Пресс-тур доирасида журналистларга жорий йил “Обод қишлоқ” дастурига киритилган Намуна ҳамда Хотамтой маҳаллаларида бажарилаётган ободлик ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
ОАВ вакиллари Хотамтой маҳалласида дастур асосида мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилган ижтимоий соҳа объектларида бўлдилар.
Тадбир давомида туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев иштирокида матбуот анжумани ҳам ташкил этилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 мартдаги “2022-2026 йилларда "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла"дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-172-сонли қарори қабул қилинган.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорига мувофиқ жорий 2022 йилда “Обод қишлоқ” дастурига тумандаги “Намуна” ҳамда “Хотамтой” маҳалла фуқаролар йиғинлари киритилган.
Дастурга асосан ушбу маҳалла фуқаролар йиғинларида ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича 2 дона сув иншооти қуриш, 3 дона мавжуд сув иншоотларини реконструкция қилиш, 24,3 км. масофада тармоқ тортиш; йўлларни таъмирлаш бўйича ҳудудлардаги жами 36 км. йўлларни созлаш, яъни бетон қоплама, асфальт ётқизиш ва шағаллаштириш; электр таъминотини яхшилаш мақсадида 5,7 км электр тармоқларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш, бетон таянч устунларини янгилаш, 2 та трансформатор пункти ҳамда 350 та темир-бетон таянч устунларини ўрнатиш; 5 та ижтимоий соҳа муассасаларини, яъни 3 та мактаб, 1 та мактабгача таълим ташкилоти ва 1 та тиббиёт масканини мукаммал таъмирлаш каби бунёдкорлик-ободонлаштириш ишларини амалга оширилиши белгиланган.
Ушбу кенг кўламдаги қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишларини бажариш учун дастур доирасида жами 23 млрд. 452 млн. сўмлик маблағлар сарфланиши кўзда тутилган.
Хусусан, Намуна маҳаллада ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича ҳудудда 2 дона сув иншооти қуриш, 12,3 км тармоқ тортиш ишларига 3 млрд. 198 млн. сўм республика бюджети маблағлари сарфланиши белгиланган.
Айни кунларда маҳаллада пудратчи ташкилот-“Барака Файз инвест” МЧЖ томонидан 12,3 км масофада тоза ичимлик суви тармоқларини тортиш ишлари бажарилмоқда.
Дастур бўйича маҳаллада жами 6 км. (шундан 1 км. бетон, 1 км асфальт ва 4 км. шағаллашлаштириш) ички йўллар таъмирланади.
Ҳудудда электр таъминотини яхшилаш, электр энергияси сифатини ошириш мақсадида 2,3 км электр тармоқларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш, 2 дона трансформатор пункти ва 140 дона темир-бетон таянч устунлар ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, мазкур ишлар учун "Ўзбекэнерго" АЖнинг 302 млн. сўм маблағлари сарфланиши белгиланган. Шу кунгача маҳаллага режадаги 140 дона темир-бетон таянч устунлари тўлиқ ўрнатилиб, 1,5 км.дан зиёд СИП русумдаги изоляцион кабеллар тортилди.
Алоқа ва ахборотлаштириш тизими бўйича, маҳаллада 3 км. оптик толали алоқа тармоқларини қуриш ва бунинг учун “Ўзтелеком” акциядорлик жамиятининг 75 млн. сўмлик маблағлари сарфланиши режалаштирилган.
Ижтимоий соҳа муассасаларини таъмирлаш-ободонлаштириш бўйича, Намуна МФЙнинг Комилчўли қишлоғида жойлашган 64-мактабгача таълим ташкилотида мукаммал таъмирлаш, 7-умумтаълим мактаб филиалида эса жорий таъмирлаш ишлари бажарилди. Ушбу ҳар икки таълим маскани ҳам шу кунларда кенг нишонланаётган мустақиллигимизнинг 31 йиллик шодиёналари арафасида фойдаланишга топширилади.
Дастур доирасида “Хотамтой” маҳалла фуқаролар йиғинида жами 10,108 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини бажарилиши белгиланган.
Хусусан, маҳаллада ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича ҳудуддаги мавжуд 3 дона сув иншоотини реконструкция, 12 км. тармоқ тортиш ишларига 3 млрд. 120 млн. сўм республика бюджети маблағлари сарфланиши кўзда тутилган. Айни кунларда маҳаллада тоза ичимлик суви тармоқларини тортиш ишлари давом этмоқда.
Дастур асосида маҳаллада жами 8 км. (шундан 2,1 км. бетон, 2 км асфальт ва 4 км. шағаллашлаштириш) ички йўллар таъмирланиши ва бунинг учун 2 млрд. 970 млн. сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган.
Йўлларни таъмирлаш тадбирлари айни кунларда маҳаллада бажарилаётган тоза ичимлик суви тармоқларини тортиш ишлари якунлангандан сўнг, бошланади.
Маҳаллада электр таъминотини яхшилаш, электр энергияси сифатини ошириш мақсадида 2,8 км электр тармоқларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш, 2 дона трансформатор пункти ва 210 дона темир-бетон таянч устунлар ўрнатиш режалаштирилган эди. Шу кунгача маҳаллага режадаги 210 дона темир-бетон таянч устунлари ва 160 кВАли янги трансформатор ўрнатилди.
ОАВ вакиллари дастур асосида маҳалладаги мукаммал таъмирланган “Хотамтой” оилавий шифокорлик пунктининг янги биноси ҳамда маҳалланинг Қозиқузот қишлоғида жойлашган 180 ўринли 41-мактабнинг янгича кўриниш ва шароитларга эга бўлган биноларининг фойдаланишга топшириш маросимларида иштирок этиб, ушбу масканларда яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Тадбир давомида туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев иштирокида ташкилланган матбуот анжуманида туман раҳбари “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида юқорида қайд этилган маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида журналистларнинг саволларига батафсил жавоб қайтарди.