Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Қўша қариш саодати
2022-08-20 10:31:24 265
Ўзбекистон туманида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” ғоя асосида Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар, учрашув, мулоқотлар, байрам дастурлари бўлиб ўтмоқда.
Байрам арафасида ёши улуғ кексалар, нуронийларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ибрат мактабини кенг тарғиб этиш мақсадида ҳам хайрли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири “Қўша қариш саодати” мавзусидаги маънавий-маърифий учрашувлар туман ҳокимлиги, Нуронийлар жамоатчилик кенгаш ҳамда маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан жойларда кўтаринки кайфиятда ташкилланмоқда.
Эзгу лойиҳа доирасида туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев, туман прокурори Музаффаржон Абдурахманов ҳамроҳлигида туманнинг “Фаровон келажак” маҳалласида истиқомат қиладиган ана шундай ибратли оила соҳиблари – Мўйдиновлар хонадонида бўлди.
50 йилдан буён биргаликда умргузаронлик қилиб келаётган Вохиджон ота Мўйдинов ҳамда Одинахон она Дадажонова ибратли ҳаёт йўллари, фарзандлар тарбияси билан маҳалла ва туманда ҳурмат-обрўга эга.
Моҳир педагоглар сифатида узоқ йиллар ҳудуддаги мактабларда ёш авлодга муносиб таълим-тарбия берган оила катталари, бугун 5 нафар фарзанд, 12 набира ва 3 эвара иззат-икромида бахтли ҳаёт кечириб, кексалик гаштини сурмоқдалар.
Йўқлов давомида туман раҳбари хонадон соҳибларига ана шундай узоқ йиллик ибратли фаолияти ва турмуши учун миннатдорчилик билдириб, туман ҳокимлигининг ташаккурномаси ва эсдалик совғаларини топширди.
– Мақсадимиз, энг аввало, сиз азиз кексаларимизнинг кўнглини олишдан иборат деди, – туман ҳокими. – Шунингдек, бу каби учрашув ва маданий-маърифий тадбирлар ёшлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эга. Сизларнинг қимматли ўгитларингиз, ибратли ҳаёт йўлларингиз ёшлар онг-шуурида қўша қариш саодати нақадар азиз туйғу экани ҳақидаги тушунчаларни шакллантиради.
Отахон ва онахон ҳам ўз хаётий тажрибалари, эришган муваффақиятлари, саодатли оила сирлари ҳақида барчага сўзлаб беришди.
Улуғ айём арафасида оилалар, кексаларни эъзозлаш, уларнинг ибратли турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган тадбирлар маҳаллаларда давом этмоқда.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги