Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Жорий йил ҳосили учун Ўзбекистон туманида 625 гектар майдонга соя экилади
2022-04-05 16:58:07 126
Соя экини - ўзига хос хусусиятлари билан бошқа қишлоқ хўжалиги экинларидан ажралиб турувчи ноёб ўсимлик турларидан бири ҳисобланади. Унинг дони таркибида 50% оқсил, 28% гача мой борлиги олимлар томонидан илмий исботланган бўлиб, соядан халқ хўжалигида 400 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Шунингдек, соянинг саноатни ривожлантиришдаги роли ниҳоятда катта ҳисобланади. Соядан ёғ, совун, лак-бўёқ, плёнка ишлаб чиқаришда, кимё, тўқимачилик саноатида кенг фойдаланилади. Соя хашаги чорва молари учун тўйимли озуқа ҳисобланиб, маҳсулотнинг қийматини янада оширишга хизмат қилади. Энг аҳамиятлиси, инсон учун зарур бўлган оқсил моддаларнинu 55 фоизи ана шу ўсимлик туридан олиниши мутахассислар томонидан қайд этилган.
Бу ҳақда, бугун Ўзбекистон туманидаги “Бўриев Аъзамжон хожи” фермер хўжалигида ташкилланган мойли экин – сояни экишга бағишланган семинарда таъкидланди.
Унда туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев, сектор раҳбарлари, фермер хўжаликлари вакиллари, вилоят ва туман мутасадди қишлоқ хўжалиги ташкилотлари, соҳа мутахассислари иштирок этди.
Хўжаликларда мойли экинларнинг экилиши ва муносиб ҳосил олиниши биринчидан аҳолининг асосий озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ва эҳтиёжини қондиришга ёрдам берса, иккинчидан нарҳ-наволар тенденциясининг пасайишида муҳим аҳамият касб этиши семинарда қайд этиб ўтилди.
Таъкидланишича, жорий йил ҳосили учун туманда 625 гектар майдонга соя экилиши белгиланган.
Масъуллар, соҳа вакиллари томонидан соя экинини туман шароитида экишнинг самарадорлиги, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган агротехник тадбирлар, маҳсулотдан кўриладиган фойда хусусида семинар иштирокчиларига батафсил тушунтиришлар бериб ўтилди.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги