Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Осиё чемпиони ва нуфузли мусобақа совриндори ўзлари учун қадрдон масканда муносиб кутиб олинди
2022-04-01 00:15:44 137
Аввал хабар берганимиздек, 24-27 март кунлари Таиланднинг Паттайя шаҳрида байдарка ва каноэда эшкак эшиш ҳамда пара каноэ бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди.
Ушбу нуфузли мусобақаларда Ўзбекистон туманилик бир эмас, икки нафар спортчилар муваффақиятли иштирок этди.
Ўзбекистон чемпиони, бир неча бор осиё ва жаҳон миқёсида ташкилланган халқаро мусобақалар совриндори Элёр Мамадалиев Паттайяда 2 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритиб, 4 маротаба шоҳсупага кўтарилди.
Яна бир иродали спортчи тумандошимиз, даҳанақақирлик Ўлмасбек Рўзматов эса шу кунлари мазкур шаҳарда ўтказилган нуфузли мусобақа-пара каноэ бўйича Осиё чемпионатида илк бор иштирок этиб, фахрли тўртинчи ўринни эгаллади.
Кеча туманга қайтиб келган фахрли спортчиларимиз ўзлари учун қадрдон маскан, Пасткиқўриқ маҳалласида муносиб кутиб олинди.
Катта Фарғона канали бўйида жойлашган эшкак эшиш спорт базасида ташкилланган тантанали кутиб олиш маросимида туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев бошчилигидаги сектор раҳбарлари, спортчиларнинг мураббий ва яқинлари, ёшлар вакиллари, кенг жамоатчилик иштирок этди.
Туман раҳбари спортчиларни эришган ушбу зафарлари билан қутлаб, уларнинг ҳар иккисига келгуси спорт баҳсларида янада улкан ғалаба ва омадлар ёр бўлишини тилади. Спортчининг устозлари ва ота-онасига миннатдорлик билдирди.
Тадбирда спортчиларнинг мураббийлари ва яқинлари сўз олиб, улар эришган ютуқларни эътироф этишди.
Маросим давомида эшкакчи байдаркачиларга иззат-икром кўрсатилиб, тўн кийгазилиб, белларига қийиқ боғланди. Бошларига дўппи қўндирилиб, туман ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир якунида спортда эришган ютуқлари ва келгусидаги режалари ҳақида бўлишиб, кўрсатилган эътироф учун ўз миннатдорчиликларини билдирган спортчиларнинг таъсирли нутқлари эса барчага завқ, айниқса ёш спортчилар-бўлғуси чемпионларга ўзгача мотивация бағишлади.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги