Shrift o'lchami Rang Rasm

<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 10 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Маънавий зарар тушунчаси ва ундириш асослари

×

 2022-03-16 09:02:18    130

PDF yuklash
Chop etish


Ўзбекистон Юридик энциклопедиясида маънавий зарарга шундай таъриф берилган: фуқаролик ҳуқуқида жабрланувчига қарши содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳаракати (харакатсизлик) оқибатида у бошидан кечирган (ўтказган) маънавий ва жисмоний (камситиш, жисмоний оғриқ, зарар кўриш, ноқулайлик ва бошқа) азоблар тушунилади.

Маънавий зарар ундириш фуқаролик ҳуқуқий жавобгарликнинг янги тури бўлсада, бир қатор қонунларда ўз аксини топган. Ушбу қонунлар жумласига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, “Автомобиль транспорти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларини мисол қилиб келтириш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2000 йил 28-апрелдаги №7-сонли Қарорига кўра, ғайриқонуний ҳаракатлар (ҳаракатсизлик)нинг объекти бўлиб фуқарога туғилган вақтидан буён ва қонунга мувофиқ тегишли бўлган номоддий манфаатлари, (ҳаёти, соғлиғи, шахснинг қадр-қиммати, ишчанлик обрў-эътибори, шахсий ҳаётнинг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сири), шахсий номулкий ҳуқуқлари (ўз номидан фойдаланиш ҳуқуқи, муаллифлик ҳуқуқи ва бошқа номулкий ҳуқуқларнинг интеллектуал фаолият натижаларини қонунларга кўра ҳуқуқий муҳофаза қилиш) ва мулкий ҳуқуқлари (уй-жой дахлсизлиги, мулк ҳуқуқи ва бошқалар)ни бузилиши бўлиши мумкин.

Фуқаролик кодексининг 11-моддасида маънавий зиённи қоплаш фуқаролик ҳуқуқлари ҳимоя қилиш усулларидан бири сифатида қайд этилган, шунингдек кодексда шахснинг ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ва қадр-қиммати, шахсий дахлсизлиги, ишчанлик обрўси, шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, хусусий ва оилавий сири, номга бўлган ҳуқуқи, тасвирга бўлган ҳуқуқи, муаллифлик ҳуқуқиларини бузганлик, бошқа шахсий номулкий ҳуқуқлар ҳамда туғилганидан бошлаб ёки қонунга мувофиқ фуқарога тегишли бўлган бошқа номоддий неъматларга тажовуз қилганлик ҳолатлари  учун ҳам маънавий зарар ундириш мумкинлиги назарда тутилган.

Фуқаролик кодексига кўра, маънавий зарар уни етказувчининг айби бўлган тақдирда, зарар етказувчи томонидан қопланади.

Маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатъи назар, қуйидаги ҳолларда қопланади, агар: зарар фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига ошиқча хавф манбаи томонидан етказилган бўлса; зарар фуқарога уни қонунга хилоф тарзда ҳукм қилиш, қонунга хилоф тарзда жиноий жавобгарликка тортиш, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишни ёки муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат олишни қонунга хилоф тарзда қўлланиш, қонунга хилоф тарзда маъмурий жазо қўлланиш ва қонунга хилоф тарзда ушлаб туриш натижасида етказилган бўлса; зарар ор-номус, қадр-қиммат ва ишчанлик обрў-эътиборини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатиш туфайли етказилган бўлса; қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, маънавий зарар пул билан қопланади. Маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусиятига, шунингдек айб товон тўлашга асос бўлган ҳолларда зарар етказувчининг айби даражасига қараб суд томонидан аниқланади.

Яқинда суд мажлисида муҳокама қилинган фуқаролик ишидан кўринишича, йигит ва қиз ўзаро танишиб, бирга гаплашиб юрган, муносабатлари анча яқин бўлган. Кейинчалик қиз бошқа йигитга турмуш чиқаётганлигини билдириб, ўзини тинч қўйишини сўраган вақтида йигит ўзаро бирга юрган вақтида шахсий телефонига туширилган видеотасвирларни интернетда тарқатиб юборган. Натижада йигит маъмурий жавобгарликка тортилган, жабрланувчи эса ўзига етказилган маънавий зарар ундиришни сўраб судга мурожаат қилган. 

Ҳозирги кунда суд амалиётида фуқароларнинг соғлиғига ва мол-мулкига автоавария натижасида етказилган зарар бўйича, жиноят оқибатида боқувчисининг ёки яқин кишисининг ўлими содир бўлган ҳолларда, мол-мулкка етказилган бошқа ғайриқонуний харакатлар натижасида, туҳмат, ҳақорат қилиш оқибатида етказилган маънавий зарарларни ундириш тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилмоқда.

Шуни алохида таъкидлаш керакки, охирги вақтларда кенг тарқалган “Facebook”, “Telegram” ва бошқа интернет саҳифаларида ҳам шахсларни хақорат, туҳмат қилиш, турли ёлғон хабарлар тарқатиш, оилавий ва хизмат сирларини ошкор қилиш каби хатти харакатлар ҳам тегишли тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши ва оқибатда маънавий зарар ундиришга асос бўлиши мумкин.

Чунки инсон қадр-қиммати, ишчанлик обрўйи, шахсий ва оилавий дахлсизлиги қонунлар ҳимоясидадир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Н.Эгамов 

  Фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро судининг судьяси