Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Давлат бошқарувига янги кадрлар кириб келаяпти, буни Муйноқ мисолида кўрдик
2022-03-09 22:33:36 137
Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг 23 февраль куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Мўйноқ шаҳрида бўлиб, ҳудудни ривожлантириш бўйича қарор ва дастурлар ижроси, бунёдкорлик ишлари билан танишган эди. Туман фаоллари билан учрашувда давлатимиз раҳбари ушбу манзилга биринчи келганида «маданият Мўйноқдан бошланади» деганини эслаб, бугун шу сўзлар амалда ўз аксини топаётганини эътироф этган эди. Ўша учрашувда Президентимиз ҳоким ёрдамчилари билан ҳам мулоқот қилиб, уларнинг маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этиш, бандликни таъминлаш борасидаги таклифларини эшитиб, тегишли кўрсатмалар берган эди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда маҳаллабай ишлаш бўйича янги тизим асосида ҳоким ёрдамчиси лавозими таъсис этилиб, аҳоли мурожаатлари орқали жойлардаги вазиятни чуқур ўрганиб, маҳаллалар қиёфаси ва ижтимоий муҳитини яхшилаш ишлари олиб борилмоқда. Ҳоким ёрдамчиларининг асосий вазифаси — ўз маҳалласида тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўрни яратиш, камбағалликни қисқартириш ва оилалар даромадини кўпайтиришдан иборат. Давлатимиз раҳбари ушбу йўналишда «одамларни рози қилишга устувор аҳамият бериш муҳим» эканини таъкидлаган эди.
Мана шу эзгу ва халқчил ғоянинг ҳаётга татбиқ этилиши ўзининг илк самарасини берди. 7 март куни «Мадели» овул фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритган Бахтияр Менглибеков Мўйноқ тумани ҳокими этиб тайинланди.
Буни жамият бошқарувининг таянч бўғини бўлган ва ислоҳотлар изчиллиги акс этадиган тизимга қаратилаётган эътибор натижаси дейиш мумкин.
Қайд этиш лозимки, бундай тайинловлар давлат бошқарувига «янги қон» олиб кириш ва миллий кадрлар захирасини ўз кучига ишонган ёш мутахассислар билан шакллантиришга хизмат қилади.