Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Cуд-ҳуқуқ соҳасида ислоҳотлар изчил давом этмоқда
2022-02-01 16:11:16 139
Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ва бу борада судларнинг ролини ошириш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Фуқаролар ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат органларининг халқ учун хизмат қилишини таминлаш давлат сиёсатининг бош мақсади хисобланади. Маъмурий судларни бу принципнинг амалга оширувчиси сифатида яққол кўришимиз мумкин.
Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқишда судларнинг фаолиятини такомиллаштириш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни самарали фаолиятини таъминлаш мақсадида бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январдаги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарориқабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 44-моддасида ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Шу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари қабул қилинган эди. Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида суд тизимида бир қанча ўзгаришлар белгиланиб, жумладан, 2017 йил 1 июнда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судлари бирлаштирилиб, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди, шунингдек, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низолар ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати янги ташкил этилган маъмурий судларига ўтказилди.
Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли фармони билан маъмурий судлар янада ихтисослаштирилиб, энди маъмурий судларда фақатгина оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низоларгина кўриб чиқиладиган бўлди. Содда қилиб тушунтирадиган бўлсак, оммавий ҳуқуқий муносабатлар деганда,бир томондан жисмоний ёки юридик шахслар иштирокида иккинчи томондан эса давлат бошқаруви органлари иштирокидаги ёки бир давлат бошқаруви органининг бошқа давлат бошқаруви органи ўртасидаги маъмурий ҳуқуқий муносабатлари тушунилади. Масалан, бирор-бир мурожаатчи туман ҳокимининг қайсидир қарори қабул қилиниши натиажсида ўзининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини бузилган деб ҳисобласа, бу борада ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан маъмурий судга мурожаат қилиши мумкин бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январдаги“Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларинии ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида маъмурий судлов тизимига бир қанча ўзгаришлар киритилиши белгиланди. Хусусан, маъмурий суд ишларини юритишда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган зарарни ундиришбилан боғлиқ ишларни куриб чиқиш ваколати фуқаролик судларидан маъмурий судларга утказлиши, шунингдек, ривожланган демократик мамлакатларда кенг қўлланилаётган жахон стандардларига мувофиқ медиация тизимини маъмурий судларга хам жорий этиш кўзда тутилган.
Шу билан бирга оммавий муносбадатларда маъмурий судларнинг рўлини янада кучайтирилиб, давлат органлари ёки ташкилотларига маъмурий судларанинг ҳал қилув қарорини у қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ой давомида ижро қилиш ҳамда бу ҳақда маъмурий судга хабар бериш мажбурияти юкланиб, башарти давлат органлари ёки ташкилотлари иш бўйича суд ҳужжатини ўз вақтида ижро қилмаса давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан суд жаримасини қўллаш билан бирга ҳал қилув қарорининг такроран ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш белгилаб қўйилди. Бу билан фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини мансабдор шахслар томонидан ўз вақтида ва оғишмасдан бажарилишига эришилади. Юқоридаги қарор билан яна бир узгартириш киритилиши кўзда тутилдики, бу хам бўлса фуқаролар ва тадбиркорларнинг ортиқча вақт ва сарф-ҳаражат қилишининг олдини олиб, уларга янада кўпроқ енгилликлар яратади. Яни судлар томонидан мурожаатчининг даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатиш функцияси бекор қилиниб, бунда судлар томонидан даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш белгиланди.
Маъмурий судларнинг ваколатлари кенгайтирилиб, фуқаролик ишлари бўйича ҳамда иқтисодий судлар томонидан кўрилаётган оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган барча ишларни, шу жумладан, акцептсиз тартибда ундириладиган ижро ҳужжати устидан шикоят қилиш билан боғлиқ ишларни маъмурий судлар тааллуқлилигига ўтказиш белгиланди. Шу билан бирга Президент қарорида маъмурий ва фуқаролиқ ишлари билан боғлиқ бир нечта талабни бирлаштириш амалиёти хам бекор қилиниши назарда тутилган.
Юқорида санаб ўтилган ўзгаришлардан мақсад хам жахон стандартларига жавоб берадиган, профессионал маъмурий судларни яратиш ва давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахсларининг ноқонунинй ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ёки фуқаролар ва тадбиркорларнинг мурожаатларига ўз вақтида қонуний асослантирилган жавоб ололмаслигини олдини олиш хисобланади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Президентнинг ушбу қарори оммавий муносабатларни фақатгина қонуний амалга оширилишини таминлаб, фуқаролар ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса, маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга хизмат қилади.
Э.Исмоилов
Фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро суди раиси