Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Туман ҳокими “маҳаллабай” ишлаш тизими асосида бўстонликларнинг мавжуд муаммоларини ўрганди
2022-01-28 16:55:38 146
Ўзбекистон тумани ҳокими Шерзоджон Юлдашев халқ билан мулоқот қилиш, аҳоли муаммоларини ўрганиш ҳамда уларга ечим топиш мақсадида "Бўстон" маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди.
Туман раҳбари дастлаб кўп тармоқли марказий поликлиникага қарашли Бўстон филиали фаолияти билан танишди. 4170 нафар аҳолига хизмат қиладиган тиббиёт муассасасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами оммобоп ва сифатли бўлиши кераклиги таъкидланди. Бу борада туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарига аниқ ва қатъий кўрсатмалар берилди.
Маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчиси билан суҳбатлашилиб, унинг маҳаллада амалга ошираётган ишлари билан танишилди. Ҳоким ёрдамчисининг маҳалладаги хатлов ишлари, аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларнинг турмуш даражасини ошириш бўйича дастлабки тайёрланган таклиф ва мулоҳазалари тингланди. Ушбу таклифларни амалда тадбиқ этиш чоралари муҳокама қилинди.
Маҳалладаги 11-умумий ўрта таълим мактабида ҳам бўлган туман ҳокими устоз-мураббийлар билан учрашиб, онлайн дарс жараёнларини ташкил этилиши билан танишди. Таълим даргоҳидаги кутубхона, унинг 6 минг 100 дан зиёд фондидан фойдаланиш кўрсаткичлари ҳақида маълумотлар берилди.
Навбатдаги манзилда ҳудуддаги 58-давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти ўрганилди. 8 та гуруҳда тарбияланаётган 202 та болалар учун яратилган шароитлар, хусусан таълим муассасасининг иситилиш аҳволи танишилди.
Ҳудуд аҳолиси, ота-оналар ва таълим масканлари жамоаларининг мурожаатлари асосида 11-мактаб, 58-ДМТТ ҳамда тиббиёт филиалига табиий газ тармоғи тортиш масаласи кўриб чиқилди. Туман ҳокими бу борада газ таъминоти ташкилоти масъулларига барча ҳисоб-китоб ишларини амалга ошириб, аниқ лойиҳа таклифларини киритиш вазифасини топширди.
Шунингдек, “маҳаллабай” ишлаш жараёнларида аҳоли вакиллари билан суҳбатлашилиб, бошқа мурожаатлар ҳам тингланди. Аҳоли томорқаларини суғориш учун субсидия асосида дренаж тушириш каби бир қатор муаммоли масалалар ижро учун қабул қилинди.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги