Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Yanvar 2022 >>
DUSECHPAJUSHYA
     12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
31      

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 8 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

ШАРТНОМАВИЙ МУНОСАБАТЛАРДАГИ ЯНГИЧА ЁНДОШУВЛАР

×

 2022-01-13 21:52:27    45

PDF yuklash
Chop etish


Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига кўра шартномалар тарафлар ўртасида фуқаролик ҳуқуқ ва бурчлари вужудга келишининг асосларидан бири ҳисобланиши белгиланган ҳамда ушбу кодексга мувофиқ икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишуви шартнома дейилади.

Бугунги кунда шартномаларга алоҳида аҳамият берилмоқда. Чунки шартномаларда бошқа юридик фактларга қараганда, тарафларнинг эрки-иродаси тўла ифодаланади. Шартномага киришувчи шахслар ким билан, қанча, қачон шартнома тузишни, у туфайли етказиб берилиши лозим бўлган пул, товар, ашёларни қайси муддатларда, қандай транспортларда етказилишини, тўлов қандай шаклларда бўлишини мутлақо ўзлари, мустақил ҳал қиладилар. Улар шартномалар тузишда эркиндирлар, шартнома тузишга мажбурлашга йўл қўйилмайди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб шартнома – бу томонлар ўз мажбуриятларини бажаришининг гаровидир. У томонларнинг ўзаро келишувини акс эттирувчи ва ҳуқуқий муносабатларни шакллантирувчи ҳужжатдир. Тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, инвестиция жалб этиш, бизнес ҳамкорлик асосан шартномавий муносабатлар орқали кечади.

Ўтган вақт мобайнида шартномавий муносабатларда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароит яратиш мақсадида амалга оширилаётган самарали ишларни янада такомиллаштириш мақсадида ҳамда амалга оширилган ишларнинг мантиқий давоми сифатида 2021 йилнинг 14 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6313-сон Фармони имзоланди.

Фармоннинг қабул қилинишида кўзда тутилган асосий мақсад фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни янада такомиллаштириш, айрим шартномаларни тузишда ўрнатилган сунъий чекловларни олиб ташлаш, шунингдек, шартномавий муносабатларда ахборот тизимларидан фойдаланиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳисобланади.

         Мазкур Фармон билан шартномавий муносабатларда бир қатор янгилик ва ўзгаришларни кўришимиз мумкин.

Жумладан. Шартномавий муносабатларда олдиндан тўлов амалга оширилиши шарт эмаслиги, яъни, амалдаги қонунчиликда тижорат банклари томонидан етказиб берилган маҳсулот учун ҳақни бевосита маҳсулот етказиб берувчига тўланиши, тўловларнинг учинчи шахслар ҳисобидан ундирилишига йўл қўйилмаслиги белгиланган эди. Ушбу чеклов аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига нисбатан ўрнатилган ортиқча талаб бўлиб, ҳозирги кунга келиб ўз долзарблигини йўқотганлиги. 

Давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналар томонидан истеъмолчилар ва буюртмачиларга, агар улар етказиб бериладиган маҳсулотлар қийматининг камида 15 фоизини олдиндан тўламасалар, маҳсулот жўнатиши таъқиқланган бўлиб, бу қоида бошқа хўжалик юритувчи субъектларга қараганда давлат улуши мавжуд корхоналарга нисбатан камситувчи ҳолат ҳисобланади ва эркин бозор муносабатлари шаклланишида салбий таъсир бермоқда. Ўз навбатида, ушбу талаб тадбиркорлик субъектларининг шартнома шартларини эркин белгилаш ҳуқуқларига ҳам зид ҳисобланади. 

Юқоридаги ҳолатларни бартараф қилиш мақсадида, 2021 йил 1 декабрдан қуйидагилар бекор қилинди;

- тижорат банкларига етказиб берилган маҳсулот (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар) учун тўловларни учинчи шахслар ҳисобидан қабул қилишга қўйилган тақиқ;

- давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг маҳсулотларни етказиб бериш (ишларни бажариш, хизматларни кўрсатиш) тўғрисида тузиладиган шартномаларида мажбурий равишда олдиндан тўловни белгилашга доир талаб;

- қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчилари ва тайёрлов ташкилотлари ўртасида тузиладиган шартномаларда мажбурий равишда авансни белгилашга доир талаб.

Шунингдек, мазкур ўзгартиришлар доирасида фуқаролар томонидан ўзаро бир-бирига қарз бериш ва қарз олиш масаласи Чет эл валютасида қарз бериш ва олишга рухсат берилди, эндиликда, жисмоний шахсларга қарз шартномаларини нотариал тасдиқлаш орқали чет эл валютасида ўзаро қарз бериш ва қайтариб олишга рухсат берилди.

Навбатдаги киритилган ўзгартириш ва қўшимчалардан бири, бу мулкий муносабатлар билан боғлиқ бўлиб, электрон аукцион ғолибининг ҳуқуқлари янада ҳимоялашни мустаҳкамлаш назарда тутилди. Яъни қарздорлик мулкка эмас, мулкдорга йўналтирилиши принципи жорий этилди. Бунда, бу кунга қадар амалиётда ижро ҳужжатлари асосида электрон аукцион натижаларига кўра, ғолиб деб топилган фуқаролар ўз номига мол-мулкни расмийлаштиришда муаммоларга дуч келадилар. Масалан, савдо якунига кўра объектни (бино, транспорт ва ҳ.к.) ютиб олган фуқаролар эгалик қилиш ҳуқуқини расмийлаштириш жараёнида ушбу объект тижорат банкда гаровда турганлигини билиб қоладилар ёки бошқа таъқиқлар мавжудлиги аниқланади. Натижада фуқаро зиён кўриши эҳтимоли юқори бўлган. 

Мазкур ҳолат бўйича хорижий давлат хусусан, Испания,  Германия ва бошқа давлар амалиёти ўрганилганда, аукцион сотувига қўйилган объект барча қарзлардан ва таъқиқлардан ҳоли бўлгач, аукционга жойлаштирилади. Коммунал, солиқ ва бошқа турдаги қарздорлик мол-мулкка нисбатан эмас, балки қарздор фуқаро номига расмийлаштирилади. Бунда, мол-мулк янги эгасига қарзларсиз топширилади.

Шу нуқтаи назарда, мазкур Фармон билан 2022 йил 1 январдан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш бўйича электрон онлайн аукцион ўтказишда янги тартиб ўрнатилмоқда. Масалан, ушбу тартибга кўра, суд ҳужжати билан қарздор деб топилган шахснинг автотранспорт воситаси электрон онлайн аукционда сотувга қўйилиб, автотранспорт воситаси билан боғлиқ қарзлар ва тақиқлар аниқланганда, сотувдан тушган маблағлар ҳисобига ушбу қарзлар ва тақиқлар ечилгандан сўнг аукцион ғолибига топширилади. Агар мол-мулкни сотишдан тушган пул маблағлари етарли бўлмаса, қарздорликни тўлаш мажбурияти унинг собиқ эгаси – қарздор зиммасида қолади.

Бундан ташқари, мазкур Фармонда электрон тижоратда мажбуриятларнинг бажарилиши кафолати кучайтирилиши назарда тутилган бўлиб, эскроу тизимини жорий этишга рухсат берилмоқда. Бу нима учун муҳим?

Аввало, эскроу тизими нима деган саволга жавоб берсак. Эскроу тизимида харидор маълум товар учун пул маблағларини тўғридан тўғри сотувчига эмас, сақлаш учун учинчи шахсга – эскроу-агентга (масалан, электрон савдо майдончаси операторига) ўтказади. Харидорга товар етиб келиб, у шартномада белгиланган сифат ва талабларга мувофиқ эканига харидор ишонч ҳосил қилгач, ушбу пул маблағлар сотувчига ўтказилади. Шартнома шартлари бажарилмаганда эса, пул харидорга қайтариб берилади. 

Бир сўз билан айтганда, эскроу харидор ва сотувчи ўртасида товар ва хизматлар сифатини ҳамда тўловни кафолатловчи вазифасини ўтайди. Яъни шартнома шартлари бажарилмаганида, у ёки бу томоннинг тўлов билан ҳуқуқлари бузилмаслигига олиб келади.

Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, эндиликда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига яратилган қулайликлардан бири сифатида шартномалар намуналарини “yurxizmat.uz махсус ахборот порталига жойлаштириб борилишини айтиш мумкин. Ушбу махсус портал орқали жойлаштирилган шартнома намуналарини фуқаролар ва юридик шахслар ўзларига зарур бўлган шартнома намуналарини юклаб олиб, кундалик фаолиятларида фойдаланишлари мумкин бўлади. Бунинг яна бир ижобий томонларидан бири ушбу шартнома намуналарини қонунчиликка киритиладиган ўзгартиришлардан келиб чиқиб назорат ҳолатида юритилишидир.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Фармон билан шартномавий муносабатлардаги кўплаб муаммо ва камчиликларни бартараф қилувчи тартиблар ўрнатилган. Бу эса аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароит яратилишига хизмат қилади. 

Шу билан бирга, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари шартномавий муносабатларга киришишда қонунчилик нормаларига амал қилишлари, шартнома тузишда унинг шартлари ва ҳуқуқ ва мажбуриятлари сифатида нималар белгиланганлигига эътибор қаратишлари ва уларни бажаришга тайёр бўлишлари асосий масала хисобланади.

А.Эргашев 

 Ўзбекистон туман Юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи