Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш чора-тадбирлари
2021-12-06 21:43:18 156
Сўнгги йилларда юртимизда аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш мақсадида бир қанча расмий ва норасмий ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Хусусан, 2019 йилда қабул қилинган «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни, 2021 йилда қабул қилинган «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори ҳамда «Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори шулар жумласидандир.
Кўрилаётган расмий чора-тадбирларга қарамай, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизматининг маълум қилишича, аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари йилдан йилга ошиб бормоқда. «2021 йилнинг 15 апрелига қадар омбудсман номига хотин-қизлар томонидан 20 га яқин жинсий ва жисмоний зўравонлик, руҳий тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича мурожаат келиб тушган. Уларнинг аксарияти Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига тўғри келади. Уларга нисбатан зўравонлик акс этган рақамлар аслида бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Бунга сабаб эса ўзбек аёлларининг андиша қилиб кўп ҳолда зўравонликларга кўз юмишидир», дейилади хабарда.
БМТ нинг аҳолишунослик жамғармаси ва Ўзбекистон гендер комиссияси Telegram каналида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, унда иштирок этган аёлларнинг 42 фоизи ўзи ва фарзандларини боқа олмаслигидан қўрқиб зўравонликка чидаса, яна 38 фоизи бошқалар томонидан муҳокама (гап-сўз) бўлишдан қўрқиб, зўравонликка кўз юмади. Бундан ташқари, Бош прокуратура берган маълумотга кўра, Ўзбекистонда 2020 йилда номусга тегиш ҳолатлари 27,7 фоизга ошган.
Ўзбекистон БМТнинг «Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги конвенциясига қўшилганига 26 йил бўлишига қарамай ҳамон аёллар ҳуқуқларини поймол қилиш ҳолатлари учраб турибди.
Жамоатчилик назоратининг ошганлиги билан характерланаётган сўнгги йилларда мазкур масала ҳам омма эътиборидан четда қолмаяпти. Журналист ва блогерлар томонидан аёллар ҳуқуқлари қизғин ҳимоя қилинмоқда. Турли ижтимоий тармоқларда зўравонликка қарши чиқишга чорловчи ҳаракатлар, челленжлар ва флешмоблар ташкил қилиняпти.
Хулоса қилиб айтганда, жонсиз механизмлар — маъмурий-ҳуқуқий ҳужжатлардан кўра жамоатчилик назорати, халқ фикри ва позицияси, ҳолатларни жонли ўрганиш аёллар ҳуқуқлари ва улар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда таъсирчанроқ ўрин тутади.
Миркомил Мирмақсудов
Ўзбекистон туманлараро иқтисодий суди раиси,
Бекзоджон Хазратқулов,
Ўзбекистон туманлараро иқтисодий суди девонхона мудири