Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Пойтахтда фаолият юритаётган Ўзбекистон туманилик ўқитувчи “Устоз 2021” миллий мукофоти танлови ғолиблигини қўлга киритди
2021-12-06 17:02:41 132
Асли Ўзбекистон туманининг Катта Қайнар қишлоғида туғилган, ҳозирда Тошкент шаҳридаги ДХХ “Темурбеклар мактаби”да педагоглик фаолиятини юритаётган Иқболжон Камолов куни кеча ўтказилган “Устоз 2021” миллий мукофоти танловининг “Плюс 1” номинацияси ғолиблигига сазовор бўлди.
Тарих фани ўқитувчиси, 31 ёшли мураббий ғолиблик дипломи, 30 миллион сўм пул мукофоти ва “Global Teacher Prize” халқаро танловининг тақдирлаш маросимига йўлланмани қўлга киритди.
“Камтарона фаолиятимни ана шундай эътироф этишганидан, албатта мамнунман. Бунинг учун менга таълим берган барча устозларимга, меҳнат қилаётган мактабим раҳбариятига ҳамда Ўқитувчилар ассоциацияси ва Халқ таълими вазирлигига чуқур миннатдорлик изҳор этаман. Ушбу ютуқ билан тўхтаб қолмоқчи эмасман. Мазкур шарафли эътирофга муносиб равишда, бундан кейин ҳам ёш авлодга таълим-тарбия беришда ғайрат-шижоат билан давом эттираман фаолиятимни. “Global Teacher Prize” халқаро танловида эса фақатгина кузатувчи ёки меҳмон сифатида эмас, балки иштирокчи сифатида қатнашиб, навбатдаги билим ва ютуқ марраларини забт этишга аҳд қилганман”, дейди Иқболжон Камолов.
Инглиз ва рус тилларини ҳам чуқур ўзлаштирган педагогнинг фахр билан қўшимча қилишича, танловда ютиб олган 30 млн. сўм пул мукофотини Катта Қайнардаги ўзи ўқиган 40-мактабга компьютерлар сотиб олишга сарфламоқчи.
Маълумот ўрнида, Ўқитувчилар ассоциацияси ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигидаги “Устоз-2021 миллий мукофоти” танлови мамлакатимиздаги муаллим-педагоглар орасидан ўқув-тарбия жараёнида инновацион технологиялардан унумли фойдаланиб, самарали натижаларга эришаётганларини аниқлаш ва уларнинг иш тажрибаларини оммалаштириш мақсадида ўтказиб келинмоқда.
Қайд этилишича, “Устоз-2021” миллий мукофоти танлови учун рўйхатдан ўтганлар сони бу йил 29 минг 850 нафарга етган. Танловнинг илк босқичида 4 минг 301 номзод иштирок этди. Улардан 40 нафари ушбу босқичлардан ўтиб, финалга етиб келган.
Тадбирда 40 финалчидан 8 нафари “Ташаббускор устоз”, “Таълим соҳасида кўрсатган хизматлари учун”, “Умид тимсоли”, “Бошланғич таълим фидокор устози”, “Матонатли устоз”, “Фидойи устоз”, “Меҳридарё устоз” ва “Плюс 1” номинациялари бўйича ғолибликни қўлга киритди.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги