Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
“Қум” маҳалласидаги миришкорлар
2021-12-04 12:30:31 132
Томорқа ризқ-рўз, қўшимча даромад манбаи, бандликни, арзончиликни таъминлашнинг самарали йўлидир.
Ўзбекистон туманидаги "Қум" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 3 минг 700 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилиб келмоқда. Мазкур маҳаллада яшовчи 882 та хонадоннинг ҳар бирида ўртача 6 сотих экин ери мавжуд бўлиб, бугун қишлоқ аҳли томорқаси ортидан яхшигина даромад қилиб келмоқда.
Шулардан бири ойдинбулоқлик Қахрамонжон Комиловнинг асли касби нонвойчилик. Эрта тонгдан оиласи билан қишлоқ аҳли дастурхони-ю, қўшни Қўқон шаҳар савдо дўконларига тандирдан узилган иссиқ нон, ризқ-рўз етказиб беради. Шу билан биргаликда меҳнаткаш оила бир неча йилдан буён хонадонидаги 2 сотих томорқасини ҳам бўш қўймайди. Очиқ майдонга турли озиқ-овқат экинларини экиб келган уддабурон оилабоши 2 йил аввал иссиқхона ташкил этиб, ерга янада меҳрини берди.
“Шу мўъжазгина иссиқхонамиздан йил давомида 3 марта ҳосил оляпмиз. Орқама-кетин бодринг, қалампир, булғор қалампири ва помидорни узаверамиз. Ўз эҳтиёжимиздан ташқари айни кунларда бозорга пешма-пеш етказиб бераётган мана бу помидорнинг нави-“ламия”. Роса харидоргир. Минг шукр, яхши ният ва ҳалол меҳнатдан хонадонимиздан барака аримайди”, дейди Қахрамонжон Комилов.
Улуғбек Каримов хонадонидаги 10 сотихли иссиқхонада эса калий манбаи бўлган сарҳил редискалар етиштирилмоқда. Миришкорлик юмушларида ўғли Сойибжон ишбоши. Томорқачиликнинг ҳадисини олган оила ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланади.
Хонадон соҳибаси Дилшодахон Каримованинг таъкидлашича улар ҳам бодринг, кашнич ва редиска каби экинларни алмашлаб экиш туфайли йил давомида қўшимча 70 млн. сўмдан зиёд соф фойдага эга бўлишади.
“Редискани уруғини ҳам ўзимиз етиштирамиз. Бу мавсумдаги редискаларимиз илдизмевалари 50 кунда етилди. Касалликларга анча чидамли салқинсевар ўсимлик. Ҳосили илдизмевалари етилишига қараб 3–4 марта, баъзида ундан ҳам кўп танлаб териб олинади. Маҳалладаги 10 нафардан зиёд аёл-қизларни ҳам бандлигини таъминлаганмиз, улар томорқа ишларида бизга яқиндан кўмакчи”, дейди оила бекаси.
Дилшодахон опанинг қўшимча қилишича, айни кунларда узаётган ҳосилларини атроф ҳудуд бозорларидан ташқари, кўпроқ Фарғона шаҳридаги деҳқон бозорига ҳам етказиб беришмоқда экан.
Маҳалланинг миришкорлар оилаларидан яна бир Абдумалик Мелиқўзиевлар хонадонидаги 6 сотихли томорқада ҳам йил-ўн икки ой помидор, редиска, бодринг ва карам каби экинлар пешма-пеш етиштирилаверади. Абдумалик аканинг яна 3 нафар акаларининг ҳам асосий даромади томорқачиликдан.
Уста томорқачининг таъкидлашича 2 сотихли бир иссиқхонасидан шу кунгача 750 кг. помидор ҳосилини олиб улгурган. Режасида эса 1 тоннадан зиёд ҳосил узишни кўзлаган, деҳқон. Яна бир 2 сотихли бир иссиқхонасида ғарқ пишган редискалардан ташқари, қизил карамлар ҳам эл-юрт дастурхонига етиб бориш арафасида.
“Маҳалламизда 35 гектардан зиёд томорқа майдони мавжуд. Шундан 20 гектарида 160 га яқин иссиқхоналар ташкил этилган. Гувоҳи бўлганингиздек, уларнинг аксарияти айни аҳоли хонадонларида. Шунинг учун ҳам маҳалламиз иқтисодиёти ривожининг асосий “ўсиш нуқтаси” дея томорқачилик белгиланган. Фуқароларимиз ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиб, муносиб даромад олишни билишади. Бу эса ўз-ўзидан турмуш фаровонлиги ҳамда бекорчилик билан боғлиқ турли муаммоларни келиб чиқмаслигини ҳам таъминлайди”, дейди маҳалла раиси Шавкатжон Эргашев.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги