Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Эътибордан мамнун кўнгиллар
2021-12-03 20:06:53 122
3 декабрь - “Халқаро ногиронлар куни”. Мазкур сана бутун дунё миқёсида ҳар йили кенг нишонланади.
Бундан асосий мақсад - бутун дунёда амалга ошириладиган дастур ва лойиҳаларда ногиронлиги бўлган шахслар бошқа соғлом кишилар билан тенг ҳуқуқлилик асосида иштирок этишини, ногиронларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олинишини, барча мамлакатларда ногиронларнинг қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомилларнинг жорий этилишини таъминлаб, барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборатдир.
Сана муносабати билан Ўзбекистон туманида ҳам кўплаб ижтимоий тадбирлар ўтказилди ва ушбу хайрли амаллар давом этмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири тумандаги Қудаш “Мурувват” ногиронлар учун аёллар интернат уйида ташкил этилди.
Масканда давлатимиз ғамхўрлигида истиқомат қилаётган 7 та миллат вакилларидан иборат 360 нафар ногиронлиги бўлган аёлларни йўқлаш учун бугун вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Тўлқиной Тожиева, туман ҳокими ўринбосарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ташриф буюришди.
Ногиронлиги бўлган аёлларни байрам билан самимий қутлаган мутасаддилар бугун ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя сиёсати ҳақида, саҳоват, меҳр-оқибатнинг умри боқийлиги ҳақида сўзлаб, яшовчиларга сиҳат-саломатлик, кўнгил хотиржамлигини тилади.
Тадбир давомида вилоят ва туман ҳокимликлари, "Маҳалла" хайрия жамоат фондининг эсдалик совғалари топширилган бўлса, унда қатнашган туман “Баркамол авлод” болалар мактаби жамоасининг ҳам байрам совғалари ва ўқувчилари томонидан тайёрланган шириндан-шакар пишириқ маҳсулотлари аёлларга тортиқ қилинди.
Туман маданият бўлими бадиий жамоалари ва “Баркамол авлод” болалар мактаби ўқувчи ёшлари томонидан интернат уйи яшовчилари учун бадиий композициялар, куй-қўшиқлардан иборат дастурлар “Мурувват” уйи яшовчиларига манзур бўлди.
Саҳоват тадбирлари туманнинг барча ҳудудларида, маҳаллаларда ҳам давом этмоқда.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги