Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
"Яшил макон" умуммиллий лойиҳасини янада кенг тадбиқ этиш юзасидан Ўзбекистон тумани ҳокими Шерзоджон Юлдашевнинг туман аҳлига мурожаати
2021-11-30 20:01:59 173
Ассалому алайкум қадрли юртдошлар, азиз Ўзбекистон туманиликлар!
Барчангизни хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 2 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мамлакатимизда йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, 2 ноябрдан 10 декабргача мамлакатимизда кўчат экиш бўйича "долзарб 40 кунлик" эълон қилинди.
Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда “долзарб 40 кунлик”ни самарали ўтказиш мақсадида Ўзбекистон туманида ҳам 2021-2022 йилларда амалга ошириладиган муҳим чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Қадрли туманимиз фидоийлари, маҳалла фаоллари ва азиз ёшлар!
Халқимиз азалдан эзгу ғоя ва хайрли ташаббусларни яхши қабул қилиб, ушбу эзгу ташаббус атрофида бирлашади, юрт ободлиги учун интилади.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган айни “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, юртимиз бўйлаб кўчат экиш бўйича «долзарб 40 кунлик» эълон қилиш борасидаги ташаббус ҳам юртдошларимизни эзгу мақсад йўлида янада бирлаштирди, ҳамжиҳат бўлиб юртни янада обод этишга чорлади.
Туманда ушбу умуммилий лойиҳани сифатли ва уюшқоқлик билан амалга ошириш мақсадида, аввало соҳага масъул ташкилотлар мутахассисларини жалб этган ҳолда тумандаги суғориш тизимлари, фермер хўжаликлари ер майдонлари, маҳалла ва кўчалар, жамоат масканлари, аҳоли яшаш пунктлари ўрганиб чиқилиб, зарурий чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Хусусан, ушбу лойиҳа доирасида туманда жами 630 минг тупдан ортиқ, шундан жорий йил куз-қиш мавсумида 236 минг тупдан зиёд, 2022 йилнинг баҳор мавсумида эса 394 минг тупдан зиёд манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилиши режалаштирилди.
Шунингдек, тумандаги фермер хўжаликлари дала майдонлари четларига 1 миллион тупга яқин тут ва тол каби кўчатлар қадалиши кўзда тутилган.
Бу борада соҳа масъуллари, ташкилот, корхона ва муассасалар фаоллари билан биргаликда фидоий тумандошларимиз ҳам эзгу ташаббусни уюшқоқлик билан амалга оширишга киришиб кетдилар.
Аҳди баланд Ўзбекистон туманиликлар хайрли ғоя атрофида бирлашиб, ёшу-кексаларимиз, фаолларимиз ҳудудлар бўйлаб янги боғ-роғлар барпо этишда жонбозлик кўрсатмоқдалар.
Албатта, туманимиз бўйлаб яшил майдонларни кенгайтириш теварак-атроф мусаффолигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Азиз тумандошлар!
Сизга сир эмас, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси она диёримизни яшилликка буркаш, теварак-атроф мусаффолигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Атроф муҳитнинг озодалиги, яшил ўсимлик ва дарахтларнинг кўплиги эса саломатлигимизга ижобий таъсир кўрсатади, албатта.
Томорқаларга экиладиган мевали дарахтлар ҳосилга киргач, рўзғорга қўшимча даромад олиб келади.
Фермер хўжаликлари дала майдонлари четларига экиладиган тут ва бошқа дарахтлар эса албатта миришкорларимизга ҳар томонлама манфаат олиб келади.
Шуларни инобатга олиб, Сиз азизларни қалб амри билан ушбу ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида янада уюшқоқлик ва фаоллик кўрсатган ҳолда, эзгу мақсад йўлида янада жипслашиб ҳаракат қилишга чорлаб қоламан.
“Долзарб 40 кунлик”ни сифатли ташкил этиш, зарур маблағ ва меҳнат эвазига қадалган кўчатларимизни узлуксиз парвариш қилиш борасида тизимли ишларни давом эттирамиз.
Ҳудудларга экилаётган янги кўчатлар туманимиз кўркига янада кўрк қўшиб, масканлар мусаффолигини таъминлашида қўлни қўлга бериб, кўзлаган мақсадларимиз йўлида собитқадамлик билан иш олиб борамиз.
Ушбу хайрли тадбирлар натижасида хонадонлар фаровон, туманимиз янада обод ва юртимиз кўркам бўлсин!
Шерзоджон Юлдашев
Ўзбекистон тумани ҳокими