Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон туманилик 9-синф ўқувчиси хорижий тилни билиш даражаси бўйича энг юқори малака сертификатини қўлга киритди
2021-11-26 23:54:35 187
“Тил билган эл билади” деб халқимиз бежизга айтишмаган. Ҳақиқатдан ҳам инсон қанча кўп тил билса имкониятлар эшиги кенг очилади.
Бугунги глобаллашув шароитида айниқса хорижий тилларни ўзлаштириш, дунё янгиликларини ўрганиш ва уларни синтез қилиб бориш албатта, муҳимдир.
Бу борада ёшларнинг чет тилларини ўзлаштиришган бўлган қизиқиши ва эришаётган ютуқлари янада қувонарлидир.
Ана шундай зукко ёшлардан бири, Ўзбекистон туманидаги 33-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Дилдорахон Бахтиёрова инглиз тилини билиш бўйича С1 даражаси сертификатига эга бўлди.
Шу муносабат билан бугун тумандаги 23-сонли мусиқа ва санъат мактабида тантанали тадбир ташкил этилиб, юқори даражали сертификат ўз эгасига топширилди.
Маросимда туман ҳокимлиги, халқ таълими бўлими, “Мингтут” МФЙ вакиллари, 33-умумтаълим мактаби жамоаси, тумандаги умумтаълим мактабларининг инглиз тили фани ўқитувчилари ва ўқувчи ёшлар иштирок этдилар. Шунингдек тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигининг Фарғона вилоятидаги ҳудудий вакили А.Рахматова қатнашди.
Тадбирда сўз олганлар иқтидорли ўқувчининг чуқур билими, чет тилини ўзлаштириш йўлидаги тинимсиз меҳнатлари натижасида ушбу ютуқни қўлга киритганлигини эътироф этиб, унинг бу ютуғи тенгдошлари учун ўрнак бўлиши, унга ҳавас қилган яна кўплаб туманимиз ўқувчи ёшлари соҳада янги марраларни забт этишга интилишини таъкидлашди. Иқтидорли ўқувчи ва унинг устозларига эсдалик совғалари топширилди.
“Мактабимиздаги 1199 нафар ўқувчи ёшларга 74 нафар педагог устозлар сабоқ беришади. Шулардан 6 нафари инглиз тили фани ўқитувчилари. Мактабимиз фахри Дилдорахон эса ёшликдан билимга чанқоқлиги билан ажралиб туради. Айнан унинг устози, инглиз тили фани ўқитувчимиз Зиёджон Шарипов ҳам С1 даражаси сертификатига эга бўлган маҳоратли педагоглардан. Аслини олганда 9-синф ўқувчисининг чет тилини билиш бўйича ушбу мақомга эга бўлиши улкан натижадир. Буни соҳа мутахассислари жуда яхши билишади”, дейди мактаб директори Зироатхон Абдуллаева.
Маълумот ўрнида, мамлакатимизда хорижий тилларни билиш даражасини баҳоловчи миллий тест тизими амалда бўлиб, унда хорижий тилларни билишнинг олтита даражаси: А2, А2+, В1, В1+, В2, С1 (ўсиб бориш тартибида) мавжуд.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги