Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Кузги шудгор мўл ҳосил гарови
2021-11-06 22:23:18 155
Қишлоқ хўжалигида мўл ҳосил олиш учун кузги шудгорлаш тадбирларининг ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши муҳим аҳамиятга эга.
Доно халқимизда “Ер ҳайдасанг куз ҳайда, куз ҳайдамасанг юз ҳайда”, деган нақл бор. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан юқори ҳосил етиштиришни кўнглига туккан деҳқон, албатта ерни кузда сифатли тарзда шудгорлашга алоҳида эътибор қаратади.
Ўзбекистон туманида 5 минг 532 гектар ер майдонида кузги шудгорлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Шу мақсадда ушбу муҳим агротехник тадбирга Ўзбекистон туманида алоҳида ҳозирлик кўрилди.
Ерларни сифатли ва юқори унум билан шудгорлашга эришиш учун трактор ва плугларни марказлашган ҳолда пухта созлаш ва ишга шай ҳолга келтириш ишлари олиб борилди.
Агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли якунлаш учун 9 та отряд тузилиб, уларга 23 та юқори унумли ҳайдов техникалари бириктирилди.
Отрядларга бириктирилган механизаторларнинг тунги шудгор ишларини самарали ташкил қилишлари учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Хусусан, улар учун кўчма дам олиш хоналари тайёрланди.
Шудгорлаш тадбирида қатнашадиган ҳайдов тракторларининг иши икки сменада ташкил этилиб, кўчма пайвандлаш аппарати, кўчма устахона, кўчма дам олиш хонаси билан таъминланади. Механизаторлар ва шудгорлаш тадбирида қатнашувчи ходимларни уч маҳал иссиқ овқат билан таъминлаш режалаштирилган.
Битта трактор ёрдамида кунига 14-15 гектар майдонни шудгорлаш белгиланган.
Механизаторларни рағбатлантириш ҳамда иш унумдорлигини ошириш мақсадида уларнинг ҳар бирига олдиндан иш ҳақи, ун ва ёғ маҳсулотлари тарқатилди.
Мавсумга пухта тайёргарлик жараёнларида соҳага алоқадор вилоят мутасаддилари, сектор раҳбарлари ва бошқа масъуллар мавжуд камчиликларни бартараф этишда амалий кўмак кўрсатиб, режадаги ишларни назорат қилиб боришди. Кузги шудгорлаш ишларини тез ва қисқа муддатларда якунлаш, ерни белгиланган чуқурликда ҳайдаш билан боғлиқ масалалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Эзгу ниятда келгуси йил ҳосилига барака сўралиб, даладаги амалий ишларга киришилди.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги