Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон туманида дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” кўтаринки руҳда бошланди
2021-11-03 15:08:44 181
Кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режалаштирилгани таъкидланди.
Жорий йилнинг 10 декабрига қадар дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.
Ушбу эзгу ташаббус Ўзбекистон тумани гўшаларида, қишлоқ ва маҳаллалар, ташкилот ва муассасаларда кўтаринки руҳда бошланди.
Хайрли ишни сектор раҳбарлари биринчилардан бўлиб бошлаб беришди.
Туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев бугун “Кичик Оқмачит” ва “Ислом” маҳаллаларида бўлиб, масъуллар ҳамда маҳалла аҳли вакиллари билан очиқ ер майдонлари, аҳоли хонадонларида дарахт экди.
Туман раҳбари ҳудудларда маҳалла фаоллари, хонадон вакиллари билан бўлган суҳбатларда, давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борада берилган кўрсатма ва вазифаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил етказди. Барчани ушбу ташаббусни кўтаринки руҳда ўтказишда фаолликка чақирди.
Худди шунингдек, туман прокурори Мирзобедил Назаров бошчилигидаги туман прокуратураси ходимлари 2-сектор штаби биноси олдидаги майдонга арча, каштан ва бошқа турдаги манзарали дарахтларни экишди. “Яшил макон”ни барпо этишда уларга А.Назаров ва И.Эсонқулов каби прокуратура фахрий ходимлари ҳам ҳамроҳлик қилишди.
Маълумот ўрнида, ушбу лойиҳа доирасида туманда жами 630 минг тупдан ортиқ, шундан жорий йил куз-қиш мавсумида 236 минг тупдан зиёд, 2022 йилнинг баҳор мавсумида эса 394 минг тупдан зиёд манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилиши режалаштирилган.
Шунингдек, тумандаги фермер хўжаликлари дала майдонлари четларига 1 миллион тупга яқин тут, тол ва терак кўчатлари қадалиши кўзда тутилган.
Туман ҳудудларида “Яшил маконлар”ни барпо этиш ишлари қизғин давом этмоқда.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати