Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон туманидаги илк оилавий болалар уйи бугун шоду-хуррамлик ва эзгулик нурига тўлди
2021-10-26 17:33:37 148
Саховатпеша ва меҳридарё халқимиз хайрли ишларга доим бош.
Яйпан шаҳар “Боғи Эрам” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Анваржон ва Дилдорахон Мадраҳимовалар оиласида бугун катта шодиёна.
Боиси улар эзгу ишга қўл уриб, Қўқон шаҳридаги 12-меҳрибонлик уйидан 8 нафар ўғилни ўз тарбиясига олиб, яшаш хонадонларида Оилавий болалар уйи фаолиятини йўлга қўйдилар.
Шу муносабат билан Мадраҳимовлар хонадонида ташкил этилган бугунги эзгу тадбирда Миллий гвардия Фарғона вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи, полковник Шавкатжон Акбаров, Ўзбекистон тумани ҳокими Шерзоджон Юлдашев, туман сектор раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчилик вакиллари, маҳалла-куй иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар хайрли ишга қўл урган хонадон эгаларига миннатдорлик билдирдилар. Ушбу хонадонда яшовчи болаларнинг яхши таълим-тарбия олиб, жамиятнинг фаол аъзолари бўлишига тилаклар билдирилди.
Шунингдек, масъул раҳбарлар Мадраҳимовлар оиласига доимо кўмакдош бўлишларига ҳамда оила аъзосига айланган ушбу ўғилларнинг маънавиятли ва ватанпарвар бўлиб камол топишларига ишонч билдирдилар.
- Бу ишни амалга ошириш кўп йиллик орзуим эди. Шу йили Президентимизнинг қарорлари чиқиб, оилавий меҳрибонлик уйлари ташкил этишга рухсат берилганидан сўнг, мақсадни жиддий қўйдик. Мана бугун эса, орзуимга эришиб турибман. Онам ва турмуш ўртоғим билан бор меҳримизни берамиз барча фарзандларимизга, - дейди оила бошлиғи Анваржон Мадраҳимов.
Анваржон аканинг гулдек ҳунари бор қўлида. Яйпанликлар ўз ишининг устаси бўлган сартарош, меҳрибон ва самимий инсон дея билишади уни.
Оила бекаси Дилдорахон Мадраҳимова эса кўп йиллар туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси мутахассиси вазифасида фаолият кўрсатган. Ҳозирда ҳам туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими мутахассиси вазифасида ўз ишини давом эттириб келмоқда.
Оилавий болалар уйлари эгаларига Миллий гвардия ва ҳокимликнинг эсдалик совғалари топширилди.
Болажон халқ вакилларининг хонадони шу куни катта тўйу тантанага, болаларнинг шодон ва беғубор кулгусига тўлди.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати