Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Таълимга эътибор - фаровон келажак инвестицияси
2021-09-30 23:34:00 132
Ўзбекистон туманидаги 20-умумтаълим мактаби Қушқўноқ қишлоғида жойлашган.
744 нафар ўқувчилар таҳсил оладиган таълим масканида жорий янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш мақсадида давлат кўмагида бир қатор таъмирлаш-ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Мактаб фаоллар зали тўлиқ таъмирланиб, спорт залнинг ҳам дераза ва ромлари тўлиқ янгисига алиштирилди.
Бажарилган бунёдкорлик ишларидан руҳланган маҳаллий тадбиркорлар ва ҳудуддан сайланган туман Кенгаши депутати бу борада янги ва қўшимча ташаббус билан чиқишди.
Фарзандлар келажаги, таълим-тарбия тараққиётига бефарқ бўлмаган юрт мададкорлари мактаб ободлиги йўлида ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшдилар. Таълим масканининг олд қисмидаги эски девор ўрнида 160 метрлик янги девор, янги йўлакчалар барпо этиш билан биргаликда мактаб дарвозасини янгилашга бош-қош бўлишди.
Бажарилган ушбу хайрли ишлар билан танишиш мақсадида бугун илм даргоҳига ташриф буюрган туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев мактаб жамоасини, устоз-мураббийларни бугунги аём билан самимий табриклади.
Маҳалла аҳлининг бирдамлиги, фаоллиги эътироф этилиб, барчага миннатдорчиликлар билдирилди.
Мактаб директори ва ободонлаштириш ишларида фаоллик кўрсатган ташаббускорларга туман ҳокимлигининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари топширилди.
Мактаб кўркамлигига ҳисса қўшишда давом этиш ниятида бўлган фаоллар билан келгусидаги режалар ҳақида фикр алмашилди.
"Қуръон" тиловат қилиниб, эзгу амалларга ҳайру барака тиланди. Юртимиз равнақи, фарзандлар камоли ва халқимиз фаровонлигини сўраб дуолар қилинди.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати