Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 179 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

МДҲ ўйинлари чемпиони ва республикада ғолиб волейболчи ёшлар муносиб эътироф этилди

×

 2021-09-07 21:04:30    152

PDF yuklash
Chop etish


Кеча хабар берганимиздек, Россиянинг Қозон шаҳрида илк маротаба ўтказилган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ўйинларида Ўзбекистон туманилик ўсмир спортчи Бунёджон Амиров бокс бўйича 63 кг вазн тоифасида барча рақибларини мағлуб этиб, олтин медаль соҳибига айланди. 

27-30 август кунлари халқ таълими тизимидаги умумий ўрта таълим мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Ёшлик спорт жамоалари” спорт мусобақасининг республика финал босқич ўйинларида эса волейбол бўйича туманимиздаги 49-мактаб ўқувчиларидан ташкил топган ўғил болалар жамоаси 1-ўринни, қиз болалар жамоаси эса фахрли 3-ўринни қўлга киритган эди. 

Туманимиз фахрлари ҳисобланган ушбу ёшларни бугун ўзлари таҳсил олаётган 49-умумтаълим мактабида тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 

Тантанали маросимда туман ҳокими, ДХХ туман бўлими раҳбарияти, спортчиларнинг устоз-мураббийлари, яқинлари, мактаб жамоаси, ўқувчилар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев умидли спортчи Бунёджон Амиров ҳамда волейболчи ўқувчиларни эришган улкан муваффақиятлари билан қутлаб, уларнинг сўнгги кунларда эришган ютуқлари тенгдошлари учун ўрнак бўлишини, уларга ҳавас қилган яна кўплаб туманимиз ёшлари спорт соҳасида янги марраларни забт этишга интилишини таъкидлади.  

Тадбирда ёш чарм қўлқоп устаси шуғулланадиган Рапқон бокс мактаби директори Рустамжон Мажидов, 49-мактаб директори Рустамжон Ҳакимов ва спортчиларнинг бошқа яқинлари ҳам сўз олиб, мактаб ўқувчиларининг эришган ютуқларини эътироф этишди.

Шунингдек, маросимда сўзга чиққан Бунёджон Амиров бугунги ютуқларининг асосий омили сифатида давлатимиз раҳбари бошчилигида юртимизда ёшларга берилаётган улкан эътибор эканлигини таъкидлади. 

- Июн ойида ўтказилган “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида аввалги ютуқларим учун эътироф этилганимда, туман ҳокимига “Кейинги гал туманга албатта олтин медал билан қайтиб келаман” дея ваъда бергандим. Ўз ваъдамни устидан чиққанимдан, олис Қозон шаҳрида 1100 дан зиёд спортчилар орасида ватаним шаънини муносиб ҳимоя қила олганимдан хурсандман. Мени қўллаб-қувватлаган барчага раҳмат. Бу галги ютуғимни давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлайман, - дейди чемпион боксчи ўз сўзида. 

Тадбир якунида МДҲ ўйинлари чемпиони ва республикада ғолиб волейболчи ёшларга, уларнинг устоз-мураббийларига туман ҳокимининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати