Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Байрамга яна бир муносиб туҳфа: Ўзбекистон туманида янги мактаб фойдаланишга топширилди
2021-09-01 02:02:05 206
Ўзбекистон туманидаги Элчи маҳалласида 1950 йилда қурилган мактаб мавжуд бўлиб, у шу кунгача Қулибек қишлоғидаги 21-умумтаълим мактабининг филиали ҳисобланар эди.
Мактаб филиали 120 ўринли бўлиб, айни кунгача маҳалланинг ўқувчилари 1-4 синфда ушбу масканда ўқир, 5-11 синфлардаги таълимни давом эттириш учун 3 чақирим масофа босиб Қулибек қишлоғига қатнашар эди.
Бу эса, табиийки ўқувчилар, уларнинг устозлари ва ота-оналари учун ҳам кўплаб ноқулайликлар туғдирар эди.
Қишлоқ аҳлининг ушбу филиал мактаб ўрнида қўшимча янги бино қуришда амалий ёрдам сўраб “Халқ қабулхонаси”, туман ҳокимлиги ҳамда 3-сектор штабига қилган мурожаатлари ижобий натижа топди.
Инвестиция дастурига киритилган ушбу лойиҳа мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилди.
Икки қаватли янги иншоотни қуриш учун жами 2 млрд 266 млн. сўм маблағ сарфланди.
Лойиҳа қуввати 220 ўринли янги мактаб биносида 12 та ўқув хонаси, 2 та лабораториялари хонаси хамда 1 та информатика хонаси мавжуд. Шунингдек, санитар хоналари ва иситиш тизимини барпо этишда замонавий ёндошилди.
Элчиликларнинг қарийб 50 йиллик орзуси рўёби ҳисобланган ушбу янги ўқув масканига 72-рақам берилди ҳамда тумандаги мактаблар сони айнан шунчага етди.
Мактаб янги биносининг очилишига бағишланган тантанали маросимда туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев, Фарғона вилоят халқ таълими бошқармаси раҳбари Шерзод Долимов, туман ИИБ бошлиғи, 3-сектор раҳбари Бахтиёржон Нажмиддинов, ота-оналар, ўқувчилар ҳамда туман жамоатчилиги вакиллари иштирок этди. Маросимда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимиз халқ таълими тизимида амалга оширилаётган катта ислоҳотлар жараёнида, умумтаълим мактаблари учун янги замонавий бинолар қурилишига катта эътибор қаратилаётгани туфайли соҳадаги кўп йиллик муаммолар ҳал этилаётгани таъкидланди. Мутасаддилар қишлоқ аҳлини қўшалоқ аём билан табрикладилар.
Ўз ўрнида, кўп йиллик муаммоларини ана шундай ижобий ечимидан хурсандчилигини яшира олмаган маҳалла аҳли вакиллари сўз олиб, шукроналик изҳорларини баён этишди.
Меҳмонлар янги қуриб битказилган ўқув биносидаги синф хоналарида ҳам бўлишиб, уларда яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати