Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон туманида Туркия технологияси асосида қуриб битказилган яна бир модулли боғча фойдаланишга топширилди
2021-08-26 18:57:39 178
Давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида Ўзбекистон туманининг “Ўрта қишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида Туркия технологияси асосида енгил конструкцияли модулли боғча фойдаланишга топширилди.
Қайд этилишича, маҳалладаги 19-давлат мактабгача таълим ташкилотида шу кунгача 180 нафар болажонлар таълим-тарбия олмоқда. Ҳудудда боғча ёшидаги яна 260 нафардан зиёд ўғил-қиз мавжуд.
Мазкур масалага маҳаллада 4 та оилавий нодавлат МТТ ташкил этиш ва айнан 19-давлат МТТ ҳудудида янги инновацион лойиҳа асосида 480 миллион сўм маблағ эвазига 90 ўринли қўшимча бино қурилиши орқали ечим топилди.
Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, ушбу янги лойиҳанинг кўплаб қулай ва афзал жиҳатлари мавжуд. Хусусан модулли бино экологик тоза, соғлиқ учун хавфсиз материаллардан, коррозияга учрамайдиган металдан қуриб битказилди. Ҳар қандай иқлим шароитида мўътадил ҳароратни сақлашга имкон берувчи қўшимча иссиқлик изоляцияси билан жиҳозланди. Энергия тежамкорлигига ҳам катта эътибор қаратилди, яъни бино кам харажат билан ҳам исиб, ҳам совийди. Қурилишда замонавий материаллардан фойдаланганлиги туфайли қиммат капитал таъмирлаш талаб этилмайди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу лойиҳа тумандаги маҳаллий пудратчи ташкилот - “Steel arty construction” МЧЖ қурувчилари томонидан амалга оширилди.
Модулли боғча болалар учун қулай мебель жиҳозлари, уларнинг ақлий салоҳиятини ривожлантирувчи ўйинчоқлар ва ўқув материаллари билан жиҳозланиб, кенг ва ёруғ хоналарда жажжи кичкинтойларнинг сифатли бошланғич билим олишлари, ҳар томонлама соғлом ўсиб-улғайиши учун барча шароитлар муҳайё қилинди.
Янги бинонинг очилишига бағишланган тантанали тадбирда туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев, туман прокурори Мирзобедил Назаров, туман мактабгача таълим бўлими, маҳалла фаоллари, жамоатчилик вакиллари ва ота-оналар иштирок этди.
Йиғилганларни энг улуғ, энг азиз байрамимизнинг яқинлашаётган 30 йиллиги билан қутлаган туман ҳокими Ўзбекистон туманида оилавий НМТТ ҳамда модулли мактабгача таълим ташкилотларини ривожлантиришга ва бу орқали боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш кўрсаткичини оширишга алоҳида аҳамият қаратилаётганлигини таъкидлади.
МТТ тарбияланувчилари учун туман ҳокимлигининг байрам совғалари топширилди.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати