Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Она замин гавҳарини етиштиришда Ўзбекистон туманида ҳам етарлича тажриба шаклланган
2021-07-29 16:26:26 150
Ўзбекистон туманида кўплаб боғдорчилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қаторида узум етиштиришда ҳам ўзига хос тажриба мактаби мавжуд.
Ҳудуд миришкорлари йилдан йилга ушбу тажриба мактабини янада ривожлантириб, узумчилик сир-асрорларини пухта ўзлаштиришмоқда.
Тумандаги аҳоли томорқалари ва деҳқон хўжаликларида 20 гектардан зиёд майдонда узум етиштирилади.
Ана шундай миришкорлардан бири, Оқёзи қишлоғилик Толибжон Хаққулов ўн бир йилдан буён ушбу соҳанинг астойдил ишқибози.
59 ёшли боғбон ўшанда маҳалла-кўйнинг қистови ва ташаббуси билан қишлоқдаги бўш турган 20 сотихли майдонда токзор барпо этади.
Ташландиқ ерни бир йил давомида ҳайдатиб, тайёрлаб, оби-тобига келтиради ҳамда баҳорда яхши ниятда кўчат қадайди.
3 фарзандини уйлаб-жойлаган, 7 набиранинг суюкли бобосини бугун ушбу мўъжаз токзордан топасиз.
Толибжон аканинг маҳаллий шароитда яратган узумзоридаги Ризамат ота, Мерседес, Оқ Ҳусайни, Келин бармоқ каби узумлари таъмини билган борки, унга ишқибоз бўлаверади.
“Ҳамма гап меҳр ва иштиёқ билан меҳнат қилишда. Ўтган йили етиштирган ҳосилимиз минг яшик бўлганди. Бу йил эса ҳозиргача 400 яшик уздик, ҳали токда узум мўл”, дейди миришкор деҳқон.
Уста боғбонни таъкидлашича, ушбу соҳа ҳам сердаромад, ҳам сермеҳнат соҳалардан. “Керак бўлса, ҳар бир бош узумга алоҳида меҳр берамиз. Парваришига беэътибор бўлдингизми, хато қилдингиз демак. Нотўғри барги-ю, кераксиз навдасигача ўз вақтида олиб ташлаб туриш керак. Баҳордан буён 3 маротаба хомтак қилдик”, дея қўшимча қилади оқёзилик узумчи.
Маълум бўлишича, бу токзорда пишган узумларни маҳалла-кўйнинг дастурхонига, тўй-маъракасига ҳам беминнат етказиб беради. Ҳосилдан олган даромадидан эҳтиёжмандларга ушр фарзини мунтазам адо этиб боради.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати