Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 85 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Туман ҳокимининг навбатдаги фуқаролар қабули “Намуна” маҳалласида ўтказилди

×

 2021-07-27 18:33:32    173

PDF yuklash
Chop etish


Ўзбекистон туманида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, фуқароларнинг ўз ечимини топмаган муаммоларни ҳал этиш, мурожаатларни холис ва тезкор кўриб чиқиш юзасидан аниқ манзилли чоралар кўрилмоқда. 

Бу борада айниқса, жорий йилнинг 23 июль куни давлатимиз раҳбари раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилишида келиб чиқадиган вазифалар юзасидан барча ҳудудларда бўлгани каби, туманда ҳам ушбу жараён ва чора-тадбирлар янги босқичга олиб чиқилди.  

Сектор раҳбарлари ўз ҳудудларидаги маҳалла ва қишлоқларда аҳоли вакиллари билан сайёр қабулларни нафақат сони, балки сифати самарадорлигига эътибор қаратмоқдалар.

Бугун, 27 июл куни туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Шерзоджон Юлдашевнинг “Намуна” маҳалла фуқаролар йиғинида навбатдаги сайёр қабули бўлиб ўтди. 

Унда Ўзбекистон Президентининг тумандаги Халқ қабулхонаси мудири, туман ҳокими ўринбосарлари ҳамда маҳалла фуқароларининг таклиф ва мурожаатлари билан ишлаш бўйича алоҳида тузилган ишчи гуруҳ аъзолари ҳам иштирок этди.

Мазкур сайёр қабулда туман ҳокими Пасткиқўриқ, Тўхтовул, Комилчўли қишлоқларидан ташриф буюрган фуқаролар билан юзма-юз мулоқот қилиб, уларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилди.

Мухаббатхон Эркабоева Намуна маҳалласининг Арчазор кўчасида яшайди. Турмуш ўртоғи бетоб, 2 нафар вояга етмаган фарзанди бор. 1-босқичда “Ёшлар дафтари”га рўйхатга олинган Мухаббатхоннинг оиласига кўплаб кўрсатилган ёрдамлар қаторида ҳудуддаги “Акбар раис” фермер хўжалиги дала майдонидан деҳқончилик учун ер ҳам ажратилган. Шу ўринда, Мухаббатхон тикувчиликдан хабари борлиги ва оилавий шароитини янада яхшилаш мақсадида замонавий тикув машинаси ажратилишида амалий ёрдам сўради. Ушбу мурожаат албатта ижобий ҳал этилиши ва унга тегишли тартибда янги замонавий тикув машинаси етказиб берилиши маълум қилинди.

Хадичахон Юсупова эса Пасткиқўриқ қишлоғида истиқомат қилади. У сайёр қабулда Мустақиллик кўчасига тоза ичимлик суви тортиш масаласини кўтарди. Ушбу масалани ҳам жойига бориб ўрганиб, тегишли хулоса ва таклиф киритиш юзасидан тизим вакилларига топшириқ берилди.   

Тўхтовуллик Рауфжон Хазратқулов эса ўз мурожаатини кўпдан буён аҳолини қийнаб келаётган бир неча муаммо шу кунларда ижобий ҳал этилгани учун маҳалла аҳли вакилларининг самимий миннатдорчилигини етказишдан бошлади. “Арчазор ва Нурафшон кўчаларига кўча чироқлари ўрнатилди, қатнови ноқулай бўлган Пасткиқўриқ-Тўхтовул қишлоқлари йўналишига шағал тўшалиб, маҳалладошларнинг узоғи яқин бўлди. Эндиликда, Тўхтовул қишлоғида янги хўжалик сифатида кўчиб чиқаётган 11 та хонадонни электр энергияси тармоғи ва янги таянч устунлари билан таъминлашда амалий кўмак зарур” дейди Рауфжон Хазратқулов. Ушбу масалани ўрганиб чиқиб, ижобий ҳал этиш шу жойнинг ўзида туман электр таъминоти корхонаси масъулларига юклатилди.  

Сайёр қабулда, шунингдек, Гўзалхон Сотимова ва Абдуносир Хамидовлар маҳаллага оптик толали телефон ва интернет тармоғини тортиш, аҳолини сифатли алоқа ва интернет билан таъминлаш юзасидан ўз мурожаатларини баён этди. Мазкур масала юзасидан шу жойнинг ўзида туман телекоммуникация боғламаси раҳбарининг ҳолат юзасидан хулоса ва ахбороти тингланди. Қайд этилишича, яқин орада туманга янги 6 та ОЛТ АТС қурилмалари ажратилиши кўзда тутилган. Ушбу қурилмаларни туман ҳудудларига ўрнатилиши билан, намуналикларни қийнаётган мазкур масалани ижобий ҳал этиш имконияти яратилади. Туман ҳокими, боғлама раҳбарига вилоят бошқармаси раҳбарияти билан боғланиб, имкон қадар ушбу жараённи тезлаштириш чорасини кўриш тўғрисида топшириқ берди.

Туманда ташкил этилган касбга қайта ўргатиш марказида 2 ой давомида тикувчилик сир-асрорларини мукаммал ўрганган комилчўлилик Одинахон Тожиеванинг ҳам мурожаатига асосан, унга замонавий тикув машинаси ажратиладиган бўлди. Одинахон Тожиева эса касаначилик асосида уйда ўз фаолиятини давом эттирадиган бўлди. 

Шунингдек, комилчўлилик бир неча фуқаролар номидан йўлланган илтимос бўйича, қишлоқ ҳудудидаги бекат ҳомийлик асосида таъмирланиб, ушбу бекатнинг асосий фойдаланувчилари бўлган мактаб ўқувчилари ва қишлоқ аҳлига қулайлик яратиш чоралари белгиланди.

Шу куни бевосита қабулда иштирок этган фуқаролардан қишлоқ инфратузилмасини янада яхшилаш, коммунал соҳа, моддий ёрдам, банликни таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, алимент, кадастр ва бошқа масалаларга оид 20 га яқин мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 7 тасига бугуннинг ўзида ижобий ечим топилди. Муддат талаб этадиган ҳар бир мурожаатлар эса тегишли масъулларга бириктирилиб, ижроси назоратга олинди.

Қабулдан сўнг туман ҳокимининг топшириғига асосан ишчи гуруҳ вакиллари ҳудудларга, аҳоли хонадонларига йўл олишди. Уларнинг асосий вазифаси этиб, маҳаллада истиқомат қилаётган ва Президент ишонч телефони хамда Халқ қабулхоналарига, шунингдек бошқа юқори турувчи давлат органларига мурожаат қилган фуқароларнинг масалаларини ўрганиб, уларнинг ечимини қонуний, ижобий ҳал этилишини таъминлаш ва натижасини ҳокимликка маълум қилиниши белгиланди. 

Ўзбекистон тумани ҳокимлиги