Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон тумани ғўза майдонларида агротехник тадбирлар давом этмоқда
2021-07-23 18:21:12 180
Жорий йил ҳосили учун Ўзбекистон тумани пахтачилик фермер хўжаликлари томонидан жами 4 минг 650 гектар майдонга чигит қадалган. Айни дамларда ҳудудларда ғўзага ишлов бериш, озиқлантириш ва культивация ишлари қизғин равишда олиб борилмоқда.
Бугунги кунга қадар майдонларда 3-озиқлантириш ишлари тўлиқ бажарилиб, айни кунларда 4-қўшимча озиқлантириш белгиланган 703 гектар майдондан 40 фоизида режадаги ишлар амалга оширилди.
Туман бўйича 110 та культиватор мазкур тадбирга жалб этилган бўлиб, ўртача бир кунда 4 гектар майдон ғўза қатор ораларига ишлов берилмоқда.
– Шу кунларда ғўза қатор ораларига навбатидаги ишлов бериш, хусусан, суғориш ва чилпиш, кўсак қурти ва ўргамчик кана каби касалликларга қарши курашиш, культивация ишлари қизғин давом этмоқда, – дейди туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Миржалол Маҳкамов. – Мақсадимиз, жорий йилда пилла ва ғаллачиликда эришилган улкан зафарларни давом эттириш, пахтачиликдан ҳам мўл ҳосил олиш. Бунинг учун барча миришкор деҳқонларимиз, қишлоқ хўжалиги заҳматкашлари жавлон уриб меҳнат қилишмоқда.
– Пахта майдонимиз 38,1 гектар бўлиб, унга “Султон” чигит навидан экканмиз, – дейди “Мирзохид Фаррух” фермер хўжалиги раҳбари Юнусали Жалилов. – Шукрки, ғўза ривожи рисоладагидек. Далада 11-культивация ишлари 50 фоизга бажарилди. Шу билан бирга 5 маротаба ҳар гектарига ўртача 9 килограммдан карбамид билан суспензия сепиш ишлари ҳам бажарилди. Насиб этса, гектаридан 40 центнердан ошириб ҳосил оламиз, албатта.
Хўжаликдаги 42 нафар доимий аъзолар билан биргаликда, яна 38 нафар мавсумий ишчиларнинг аксарияти айни кунларда ғўзани чилпиш (чеканка) ва бегона ўтлардан тозалаш билан банд.
Мухтасар айтганда, ўтаётган ҳар бир кун деҳқонларимиз учун ғанимат. Шунинг учун ҳам улар, бугун ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланиб, далада агротехник тадбирларининг сифатли олиб бориш ҳамда бу билан эртанги ҳосилнинг чўғини баланд ва хирмоннинг баракали бўлишини ҳаракатида.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати