Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Расмий билдириш
2021-07-21 18:15:04 178
Бугун, кун.уз нашрининг телеграм ижтимоий тармоғидаги Фарғона вилоятига оид хабар ва янгиликлар расмий каналида “Кунмобилмухбири”нинг “Ўзбекистон тумани, "Яккатут" МФЙ, Яккатут-Ўқчи йўналишидаги йўлга бир неча кундан буён сув тошиши натижасида пиёдалар ва автомобилларга ҳаракатланиш учун қийинчилик туғдирмоқда” мазмунидаги видеохабари эълон қилинди.
Мазкур видеохабар бўйича Ўзбекистон тумани ҳокимлиги қуйидагиларни маълум қилади.
Хабар эълон қилиниши билан, туман ҳокимлиги ишчи гуруҳи мазкур ҳудудда бўлиб, мавжуд муаммони бартараф этиш чораларини кўрди.
Аниқланишича, Яккатут маҳалла фуқаролар йиғинининг Яккатут-Ўқчи йўналишидаги Пахтакор кўчасида жойлашган аҳоли хонадонларининг олдидаги сув ариғининг айрим жойларидан кечадан қатнов йўлига сув тошиб чиқиш ҳолатлари рўй берган.
Ушбу ариққа сув асосан шу йўналишдаги юқори қишлоқларда жойлашган фермер хўжаликлари дала майдонларидан оқиб келади ва кейинги Бешкапа қишлоғига ўтиб кетади. Сўх дарёсининг Ўзбекистон туманида жойлашган қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун ажратилган қисмида сув ҳажми ортганлиги, янаям аниқроғи Томоша каналида сув ҳажми кўпайганлиги боис, фермер хўжаликлари орқали ушбу ариқда ҳам сув ҳажми кўпайган.
Мазкур ариқнинг аҳоли хонадонларига туташ бўлган 1 км.дан ошиқроқ масофадаги қисми тозаланмаганлиги, ариқнинг йўл томонидаги қисмига ҳам айрим маҳаллий аҳоли вакиллари томонидан асосан терак ва бошқа дарахтлар экиб олинганлиги боис, ариқ саёзлашганлиги ҳам ушбу ҳолатнинг келиб чиқишига асосий сабаб бўлган.
Қишлоқнинг юқори қисмида жойлашган фермер хўжаликлари масъулларининг таъкидлашича, ариқнинг қишлоққача бўлган қисми, яъни бевосита фермер хўжаликларига тегишли ҳудудлари мунтазам равишда кавланиб, тозалаб турилади ва бундай муаммо кузатилмайди.
Шундай бўлсада, юқорида таъкидланганидек бугуннинг ўзида туман ҳокимлиги ишчи гуруҳи, туман ирригация бўлими ва йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан кўрилган чоралар натижасида Томоша каналининг фермер хўжаликларига оқиб ўтувчи қисмлари (канал қулоқлари)да сув ҳажми меъёрий ҳолатга келтирилди. Маҳалланинг ушбу қисмидаги ариқлардан сув тошиши ҳолатлари бартараф этилди.
Шунингдек, маҳалла аҳли вакилларига келгусида ҳам ушбу ҳолат такрорланмаслиги, йўл ҳаракатига хавфсизлигини, транспорт воситалари ҳаракатига ноқулайликлар туғдирилишини, умуман бундай ноҳуш ҳолатларни олдини олиш мақсадида ушбу ариқнинг ўз хонадонлари олдида жойлашган қисмларини тозалаб туриш, дарахтларини тартибга келтириш юзасидан зарурий тавсия ва маслаҳатлар берилди.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги