Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон тумани ҳокими Шерзоджон Юлдашевнинг байрам табриги
2021-06-26 20:15:16 146
Ҳурматли оммавий ахборот воситалари ходимлари!
Қадрли журналистлар, блогерлар!
Авваламбор, Сиз азиз журналистларни, матбаа ва нашриёт, телевидение, радио соҳасининг жонкуяр ижодкорларини, блогерларни, соҳа фахрийларини 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан самимий табриклайман. Чуқур ҳурмат ва эҳтиромим ҳамда эзгу тилакларимни сизга бахшида бўлсин.
Барчамизга яхши аёнки, матбуот, оммавий ахборот воситалари иши ҳамма замонларда ҳам оғир ва масъулиятли бўлган. Мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига кўтарилаётган, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланиб бораётган ҳозирги даврда бу масъулият янада кучаймоқда. Интернет журналистикаси, радио, телевидение, босма нашрлар вакилларининг самарали меҳнатлари билан халқнинг ичига кириб бориб, муаммоларни очишда кўрсатаётган жонбозликлари бунинг ёрқин исботидир.
Бугун давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев сиз азизларга йўллаган ўз табригида соҳани ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритиб, “Бугунги кунда барча даражадаги бошқарув идоралари раҳбарларининг оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар билан мунтазам учрашиб, жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалаларни эркин мулоқот асосида кенг муҳокама этиши яхши анъанага айланиб бормоқда. Биз бундай ёндашувни Ўзбекистонда олиб борилаётган очиқлик, ошкоралик ва демократик сиёсатнинг энг муҳим йўналишларидан бири деб биламиз ҳамда миллий манфаатларимизга жавоб берадиган бу йўлни қатъий давом эттирамиз”, дея таъкидладилар.
Дарҳақиқат, шу ўринда Ўзбекистон тумани ҳокимлиги ҳам сиз қадрли ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар билан туманимиз ижтимоий-иқтисодий ривожи йўлида, шунингдек ҳар қандай мавжуд муаммоларни ўз ўрнида бартараф этиш борасида доимо мустаҳкам ва конструктив ҳамкорликда иш олиб боришга тайёрлиги ва бу анъанани келгусида ҳам собитқадамлик билан давом эттиришини яна бир бор маълум қилмоқчиман.
Бугун Ўзбекистон туманида ҳам самарали фаолият юритиб келаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари, тумандошларимиз бўлган журналист ва блогерларнинг машаққатли хизматлари билан туманимизнинг ижтимой-сиёсий ҳаётига оид янгиликлар, долзарб ва танқидий руҳдаги мақолалари, хабарлари билан тумандошларимиз қалбидан чуқур жой олиб келаётганлигини ҳам эътироф этиб ўтмоқчиман.
Бир сўз билан айтганда бугун соҳа ходимларининг самарали фаолиятлари боис халқимиз мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-мохиятини англамоқдалар.
Муҳтарам дўстлар!
Ҳар қандай касб эзгуликка хизмат қилар экан, шубҳасиз, халқ назарида улуғвор, жамият ҳаётида қадрлидир. Шу маънода, зиммангиздаги улкан ва заҳматли меҳнатни улуғлаб, шу касбдан қадр ва шараф топиб юрганингиз Сизга Яратганнинг иноятидир.
Фурсатдан фойдаланиб, Сиз азизларни, сизларнинг тимсолингизда кўпсонли ижод аҳлини, қолаверса, мухлис ҳамда муштарийларингизни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор самимий табриклайман.
Барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, янги ижодий ютуқлар, хонадонларингизга туганмас тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.
Шерзоджон ЮЛДАШЕВ
Ўзбекистон тумани ҳокими