Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 13 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

“ЧЕТ ЭЛДАГИ БИР ОЙЛИК МАОШИМНИ УЙИМДА 20 КУНДА ТОПЯПМАН”

×

 2021-06-11 10:36:24    83

PDF yuklash
Chop etish


“Чет элдаги бир ойлик маошимни уйимда 20 кунда топяпман”-дейди Ўзбекистон туманилик Феруза Жўраева.

Оилада эр-хотин муносабатларига дарз кетса, уни тиклаш қийин. Мана шундай оғир вазиятда яшаган Феруза Жўраева икки боласи билан ота уйига борди. Уч опа-синглиси ўз бахтини топган. Укаси ҳам оила қурганди. Онасига ташвиш бўлмай, деб Россияга ишлагани кетди. Ўзга юртда 3 йил сарсон бўлди. Онаси бир куни:

- Қизим уйга қайтсанг бўларди. Бизда ҳам сенга ўхшаган аёллар учун шароитлар яратиляпти, - деди.

Энди ҳаёти қай даражада ўзгарганини Ферузанинг ўзидан эшитайлик.

- Соғинч ҳиссини ўзга юртда яшаётган инсончалик ҳеч ким тушунмаса керак, - дейди “Қудаш” МФЙ, Мустақиллик кўчаси, 79-уйда яшовчи Феруза Жўраева. - Бошида онам айтган гапларга ишонмагандим. Сўнгра, туман ҳокимлигига учрадим ва керакли тавсияларни олдим. “Халқ банки”дан 18 миллион сўм кредит маблағи олиб, қўзиқорин уруғини экдим. Қўзиқорин учун салқин ва озода хона бўлса кифоя. Қанча меҳр берсангиз, ундан шунча кўп ҳосил оларкансиз. Аввалига сота олмай қийналдим. Харидор топгач, савдо юришиб кетди. Ҳозир кредит пулимни деярли қоплаб бўлдим. Қўшимча яна бошқа навини экиб, уни ҳам сотмоқчиман. Яқинда Учкўприк туманидаги танишимга ҳам қўзиқорин парваришлашни ўргатиб келдим. Чет элда бир ойда ишлаб топган 3 миллион сўм ойликни уйда 20 кунда топяпман. Биздек аёлларнинг турмуш шароитини яхшилашга хизмат қилаётган бундай имкониятлар яратилганидан мамнунман.

Туманнинг “Абдураҳмон Жомий” МФЙда 24 та кўп қаватли уйлар бор. Бу ерда мингдан ортиқ аёллар бўлиб, уларнинг 469 нафари “Аёллар дафтари” га киритилган.

Наргиза Ҳасанова 8 йилдирки, рўзғорни бир ўзи тебратади. 3 нафар фарзанди билан бир хонали уйда истиқомат қилади.

- Катта қизимнинг бўйи етиб қолди, - дейди у. - Кунлик топаётган пулим қорнимиздан ортмаётганди. Банкдан 15 миллион сўм кредит маблағи олиб, ёнғоқ харид қилдим. Мағзини алоҳида қадоқлаб, яхшигина нархда пуллаяпман. Унинг килосини 45 мингдан 55 минг сўмгача сотаман. Пўчоғининг бир қопини 15 минг сўмдан олишяпти. Ён атрофимдаги қўшни аёллардан 4 нафарининг бандлигини таъминладим. Уларга ҳар куни 45-50 минг сўм атрофида пул тўлайман. Энди бодом ва ерёнғоқ қадоқлашни ҳам йўлга қўймоқчимиз. Чунки даромади яхши бўляпти. Шу йўсинда “Аёллар дафтари” дан чиқдим.

Маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси меҳнаткаш ва серғайрат. Айниқса, аёлларининг шижоати ҳавас қилгулик даражада. Улар уйда ўтириб ҳам оиласи учун керакли бўлган даромадни топишмоқда. “Дафтар”га киритилган Алиматовлар оиласи биогумус етиштиришни тумандошларига ўргатмоқда. Зилола Нуралиеванинг турмуш шароити оғир. У ҳам “Аёллар дафтари”га киритилган. Турмуш ўртоғи биогумус етиштиради. Ўзи эса тикувчилик цехида ишлаб, рўзғорини бутлаяпти.

- Банкдан 20 миллион сўм кредит олиб, 20 квадрат метр жойга чувалчанг кўмдик, - дейди Аббос Алиматов. - Бу тавсияни менга андижонлик дўстларим берганди. Кунда икки маҳал сув, ўғит сепиб қўйса кифоя. Апрель ойида ерга кўмилган чувалчанг биогумусидан қишга яқин бемалол фойдаланиш мумкин. Бу эса оддий ўғитдан 7 баробарга кучли. Ернинг унумдорлигини ошириб, маҳсулот сифатини яхшилайди. Ҳисоб-китобимга кўра, бу йилнинг ўзида 200 миллион сўм атрофида даромад топишимиз мумкин.

Туманда 3 минг нафардан ортиқ хотин-қиз 9 тоифа бўйича “Аёллар дафтари” га киритилган. Шундан 2625 нафари дафтардан чиқарилди.

- Аёлларнинг бахтли ва яхши турмуш шароитида яшашлари учун қўлимиздан келган ёрдамни беряпмиз, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари-маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Маҳмуда Камолова. - Хусусан, 4 та сектор доирасида арзирли ишлар амалга оширилди. 511 нафар ишсизнинг бандлиги таъминланди. Хусусий тадбиркорлигини йўлга қўйишлари учун 140 нафар аёлга имтиёзли кредит маблағлари ажратиб берилди. 752 нафар боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва қарамоғида ногиронлиги бўлган аёлларга моддий тарафдан кўмаклашилди. 8 нафар аёлга имтиёзли уй ажратилди. 1265 нафар тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдамга муҳтож аёлларимизга амалий кўмак кўрсатилди. Ҳозирда “дафтар”дан чиқмаган 542 нафар аёл қолган. Уларнинг муаммолари устида ҳам иш олиб бориляпти.

Ҳозирда вилоятимизда 47554 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилган.

- “Халқ банки”нинг жами 2 млрд. 244 млн. сўмдан ортиқ имтиёзли кредит маблағлари асосида ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаган 119 нафар аёлларимиз нафақат “дафтар”дан чиқишди, балки маҳалладошлари, опа-сингиллари учун ҳам янги иш ўринларини яратишди, - дейди вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошлиғининг биринчи ўринбосари Тўлқиной Тожиева. - Эндиликда ҳар бир ҳудуддаги хотин-қизларнинг ҳунарли, ишли бўлишидан тортиб, тадбиркор аёл даражасига етишиши учун кўмак ва йўл-йўриқ кўрсатадиган “Маҳалла аёллар маркази” бунёд этилади. Айни пайтгача фарғоналик хотин-қизларнинг 3629 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 8 мингдан зиёд аёлларга психологик ёрдам кўрсатилди.

Шоҳсанам МИРЗАОЛИМОВА.

"Фарғона ҳақиқати" газетасидан олинди