Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ободлик шукуҳи
2021-05-22 17:45:46 142
Шаҳар ва туманларда 123 та оғир ижтимоий ҳолатдаги маҳаллалар бор. Ишсизлик, электр энергия, ичимлик суви таъминоти, кўчаларни асфальтлаш каби муаммолар аҳолининг кайфиятига жиддий таъсир қиляпти.
Бугун маҳаллаларни ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида “йўл харитаси” ишлаб чиқилди, камчилик ва муаммолар бос-қичма-босқич ҳал этилмоқда. Хусусан, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури йиллар мобайнида ижтимоий-иқтисодий муаммолар тўпланиб қолган бундай аҳоли масканлари тараққиётида муҳим аҳамият касб этмоқда. Албатта, қишлоқларни обод этиш билан бир қаторда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш тадбирлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон туманида шароити ўта оғир қишлоқлар танланиб, обод ва файзли масканга айлантиришга киришилди. Бугун “Қумбости” ва “Кичик оқмачит” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлган киши янгиланиш ва ободонлаштириш ишларининг гувоҳи бўлади. Лой босган кўчаларга шағал ётқизиляпти, асфальт қилинмоқда. Электр энергияси, ичимлик суви таъминотини яхшилаш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, 4 та сув иншооти ва минораси қурилаётган бўлиб, 12 км ичимлик суви тармоғи тортиляпти. 86,6 км ички йўллар асфальтланади. Эски, яроқсиз симёғочлар янгисига алмаштириляпти. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 200 га яқин симёғочлар, 4 та трансформатор ўрнатилиши кўзда тутилган. Натижада электр энергияси таъминотидаги узилишларга барҳам берилади. Аҳоли хонадонларининг ташқи фасад қисмлари таъмирланаётган бўлиб, кўчалар янги қиёфага кирмоқда.
Икки ҳудудда вилоят прокуратураси томонидан дастурларнинг ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш, маблағларнинг самарали ишлатилишини назорат қилиш ва талон-тарожликларнинг олдини олиш мақсадида штаб ташкил этилган.
- Маҳалламиздаги 618 та хонадонда 3 минг 220 нафар аҳоли истиқомат қилади, - дейди “Қумбости” МФЙ раиси Хайрулло Мадумаров. - “Обод қишлоқ” дастури асосида бунёдкорлик ишларига киришилди. Ўтган йилда маҳалла йиғини биносини ҳашар асосида таъмирдан чиқарганмиз. Эндиликда ҳудудимиздаги 17-давлат мактабгача таълим ташкилоти ва 45-мактаб қайта таъмирланмоқда. Кўчаларимизни обод қилишда аҳоли яқиндан ёрдам бермоқда.
Ишчи гуруҳ ҳар бир хонадонда бўлиб, “фуқаробай” асосида уларнинг муаммоларини ўрганди, таклифларини эшитди. Мазкур йиғинда 39 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари” ва 34 нафар ёш эса “Ёшлар дафтари”га киритилган. Айни кунларда йигирмадан ортиқ оилаларга субсидиялар асосида иссиқхона қуриб берилди. 12 нафар ишсиз ёшлар касб-ҳунарга ўқитилмоқда. 15 нафар ёшлар тадбиркорликни йўлга қўйиш истагини билдирган бўлиб, уларга имтиёзли кредитлар ажратилмоқда.
“Кичик оқмачит” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида қишлоқнинг Янгиобод, Мустақиллик ва Олчазор кўчаларида шу кунларда 3 км масофада траншея қазилмоқда. Электр бетон таянч устунлари олиб келинди.
Қисқача айтганда, ҳар икки қишлоқ аҳолисининг турмуш шароити яхшиланиб, фаровон ҳаёт кечиришлари учун неки лозим бўлса, барчаси таъминланади.
М. МЎМИНОВ.
Шерзод Қорабоев олган сурат.
“Фарғона ҳақиқати” газетасидан