Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
"АЁЛЛАР ДАФТАРИ"ГА КИРИТИЛГАН ФЕРУЗА ЖЎРАЕВА БУГУН ТАДБИРКОР. У ЎЗ ХОНАДОНИДА ҚЎЗИҚОРИН ЕТИШТИРИБ, ДАРОМАД ТОПМОҚДА
2021-04-23 16:34:19 183
Ўзбекистон тумани Қудаш қишлоғида яшовчи Феруза Жўраева тақдир тақозоси билан турмушидан ажраб, 2 нафар фарзанди билан ўзи ёлғиз қолади.
Ҳаёт қийинчиликлари - ўзига хос зарбаларини муносиб енгиб ўтишни мақсад қилган Ферузахон фарзандлари камоли учун ҳам изланишдан тўхтаб қолмайди.
“Ўхшамаган” деҳқончилиги сабаб, бироз қарзга кириб қоладию, уни қоплаш учун мусофир юртга йўл олади.
Россияда ишлаб, сармоя орттириш, қарзларни ёпишни ният қилган бардошли аёл, мусофирчиликнинг ўзига хос қийинчиликларини бошдан кечириб, она юрт, фарзандлар соғинчи ила 4 йилга яқин деганда Ватанга қайтади.
Туманда ташкил этилган ишчи гуруҳи, 3-сектор штаби томонидан оиланинг шароити ўрганилиб, Ф.Жўраева ҳам “Аёллар дафтари”га киритилади.
АТ “Халқ банки” Ўзбекистон филиалининг кўмагида касб-ҳунарга қайта ўқитиш курсларига жалб қилинган Ферузахонга ўз бизнесини бошлаш учун шу банк томонидан 18 млн. сўмлик имтиёзли кредит ҳам ажратилади.
Тадбиркорликнинг ҳали кўпчилик қўл урмаган йўналиши, лекин сердаромад турини қўрқмасдан бошлаб юборди матонатли аёл. Уй шароитида қўзиқорин етиштиришни бошлаган бўлғуси катта тадбиркор ўз ишининг дастлабки натижаларидан бугун кўнгли мамнун.
Чунки, меҳнатига яраша, қўзиқорин парваришидан дастлабки даромадини олишни бошлади.
- "Вышенка" навидан 400 кг уруғ эккандим. Уруғининг ҳар килограмидан 10-15 килограмгача ҳосил олинаркан. Беғубор ўсимлик экан, меҳнати ҳам унча қийин эмас. Бир ой ўтиб, биринчи ҳосилни тердим. Харидорлари тайёр, вилоят марказидаги савдо дўконларига ва пойтахтга ҳам етказиб беряпман. Сўнгги бир ҳафтани ўзида 4 млн. сўмлик сотдим. Куз мавсумигача яна анча ҳосилим бор ҳали. Нархлар ҳам шу мавсумдан яна кўтарилар экан. Ниятим катта, сентябр ойида 1 тонна уруғ экиб, ўзим каби 5-6 аёлларни ишли қиламан ҳали, - дейди маррани катта олган Феруза Жўраева.
Давлат кўмагида бугун турмуши фаровон бўлаётган ёлғиз онанинг бахту-иқболига маҳалла аҳлию, кенг жамоатчилик ҳам гувоҳ, ҳам хурсанд. “Аёллар дафтари”даги Ферузахоннинг бугунги тутган ибратли йўлини ОАВда ёритиш учун кўплаб журналистлар унинг хонадони меҳмони.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати