Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 32 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Ўзбекистон туманида бир кунда 178 нафар ёшлар ижтимоий қўллаб-қувватланди

×

 2021-04-09 00:27:40    72

PDF yuklash
Chop etish


Ўзбекистон туманида “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган фуқаролар билан тизимли чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, ёшлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўргатиш ва бандлигини таъминлаш ишлари самарали ташкил этилмоқда.

Кеча, 8 апрель куни туман ҳокимлиги ташаббуси билан ана шундай ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш қаратилган навбатдаги амалий ва ўз ўрнида самарали тадбир ўтказилди.

Тумандаги ҳар бир маҳаллаларда ўтказилган ўрганишлар натижасида, ёшларни қизиқишлари, уларнинг дастлабки ҳунар ва кўникмаларини ҳисобга олиб, “Ёшлар дафтари” рўйхатига олинган 178 нафар ўғил-қизларнинг ҳар бирларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Туман ҳокимлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон тумани ҳокими Шерзоджон Юлдашев ва сектор раҳбарлари, ёшларнинг ота-оналари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари иштирок этдилар. 

Унда сўз олган туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев давлатимиз раҳбари томонидан жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотларнинг муҳим аҳамияти, ана шу ислоҳотларнинг тумандаги ижроси ҳақида сўз юритди. 

- Бугун ташкил этаётган бу тадбиримиз орқали сизларга чин маънода кўмакчи бўлишни мақсад қилдик. Сизлардан илтимосимиз, бугун сизларга топшириладиган зарурий анжомлардан албатта унумли ва мақсадли фойдаланинг. Фойдали машғулотлар билан банд бўлиб, ўзингиз ва оилангиз фаровонлигига ҳисса қўшишингизни истаймиз. Келгусида ҳам сиз каби ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган бугунгидек тадбирларимиз аниқ манзилли равишда давом этади, - дейди туман ҳокими. 

Тадбир аввалида 48 нафар ёшларни ижтимоий қўллаш мақсадида уларнинг ҳар бирига 490 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам пуллари нақд пулда тарқатилди. 

Сўнгра, туман ҳокимлиги ҳовлисига кўчган маросим давомида 7 нафар талаба ёшларнинг тўлов-контрактлари суммасининг эллик фоизини ўтказиб берилганлиги тўғрисидаги сертификатлар топширилди.

20 нафар ёшларнинг етти хазинанинг бири-асаларичилик билан шуғулланишлари учун, уларга асалари қутилари топширилиб, асалари оилалари хонадонларига етказиб бериладиган бўлди. 

Қурувчилик, устачилик касбидан бохабар ёшларнинг 19 нафарига перфоратор, 25 нафарига эса замонавий пайвандлаш ускуналари сектор раҳбарлари томонидан тақдим этилди.

18 нафар ёшлар дори сепиш ускуналарини олиб мамнун бўлишган бўлса, 41 нафар қизлар тикув машиналари ва электр печига эга бўлишди. 

Муҳим ва эътиборлиси, ёшларни ўзини ўзи банд этишига хизмат қиладиган бу анжом-ускуналар уларга мутлақо бепул ва беминнат тарқатилди.

- Пайвандлаш ишларини уддалайман. Айни шундай замонавий ускунани истаган эдим, - дейди Бешкапа қишлоғида яшовчи Наврўзбек Умаров. - Яхшигина фойда топиб, оилам даромадини кўпайтиришда қўл келади энди. Албатта хурсандман, ташкилотчиларга, барчага раҳмат.

- Фарғона политехника институтининг архитектура ва қурилиш йўналишида 2-босқичда тўлов-контракт шаклида ўқийман. Куни кеча туман ҳокимининг маҳалламизда ўтказган учрашувида онам Мухаббатхон Боратова билан иштирок этган эдик. Онам, контрактимни тўлашда амалий ёрдам сўрадилар. Мана, бугун сертификат қўлимда, - дейди Қайқуободлик Искандар Комилжонов. - Бугун биз ёшларга қаратилган бундай эътибор, ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарига, уларнинг ислоҳотларини туманда кенг тадбиқ этаётган туман раҳбарларимизга ташаккур. 

- Каримобод қишлоғидан келдим. 1 нафар фарзандим бор. Тикиш-бичиш ишлари қўлимдан келади. Лекин, тикув машинам йўқ эди. Ўзим истаганимдек энг замонавийсини нафақат менга, барча бугунги йиғилган қизларга беришди. Шунга яраша ҳам ўзимиз учун меҳнат қилиб, ҳам оиламиз, маҳалламиз, юртимиз корига яраймиз энди, - дейди Захрохон Мелиқўзиева.

Бир сўз билан айтганда, туманда бугунги ўтказилган эзгу тадбир ҳам унутилмас лаҳзаларга бой бўлиб, туман ёшларининг янги ташаббусларига замин яратади ҳеч шубҳасиз. 

Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати