Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Бўстонликларнинг туман ҳокимига қилган мурожаати ижобати: 1500 дан ортиқ аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланмоқда
2021-04-05 17:35:20 157
Ўзбекистон туманининг Бўстон маҳалла фуқаролар йиғини кўп миллат вакиллари иноқ яшайдиган маҳаллалардан.
Маҳалла аҳли асосан деҳқончилик, боғдорчилик ва чорвачилик билан шуғулланади.
Бир муддат аввал туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев бу масканга ташриф буюриб, маҳалла аҳли вакиллари, нуронийлар билан суҳбатлашди, қишлоқ ҳаёти билан танишган эди.
Ҳокимнинг ташрифи асносида маҳалла оқсоқоллари кўпчилик номидан ҳудуддаги асосий муаммолардан бири ичимлик сувининг танқислиги ҳақида сўз очишди.
- Ерни тагида сув бор-йўқлигини ўлчаб, текширадиган бир ташкилот бор экан. (гидрогеология корхонаси) 3 йил аввал шу ташкилот қишлоғимизда бир қудуқ қазиди. Бир кун келиб, шу қудуқдан ичимлик суви чиқарармиз, сал каттароқ қазиб беринглар, деган эдик. Йўқ дейишмади, барака топкурлар. "Сув келтирган элда азиз" дейдилар, ҳоким болам. Энди шу қудуқдан "обиҳаёт" чиқаришга ёрдам бермасангиз бўлмайди, - дея муддаони маълум қилишди кайвони отахонлар.
Пиру бадавлатларнинг кўпчилик номидан қилган илтимослари ижобати узоққа чўзилмади.
Туман ҳокимининг кўрсатмасига асосан, соҳа мутахассислари мавжуд ҳолатни ўрганиб чиқиб, барча ҳисоб-китобларни қилишди, аниқ таклифлар киритилди.
Ушбу хайрли тадбирни амалга ошириш учун, туман ҳокими маҳаллий бюджет ҳисобидан 48 млн. сўм маблағ йўналтириш бўйича фармонни имзолади.
Айни кунларда сувсозлар 140 метр чуқурликдан ичимлик суви чиқариб, тармоқ ётқизиш ишларига астойдил киришишган.
Белгиланган тадбирлар доирасида соатига 10 куб.метр сув чиқариш қувватига эга сув насоси, 1 та бошқариш шити ўрнатиш, диаметри 76 мм. бўлган 140 метрга яқин метал қувури ётқизиш, сув қувури ичига 400 метрдан ортиқ кабел ташлаш, 100 метрдан ортиқ хаво линияси тортиш, 2 та бетон таянч устунлари ва бошқа зарурий ашёларни ўрнатиш ишлари бажарилади.
- Хақиқатда, ичимлик суви таъминотидаги муаммо маҳалламизнинг кўп йиллик оғриқли нуқтаси эди. Ҳокимнинг қишлоғимиз вакиллари мурожаатига лаббай деб жавоб бериши билан, эндиликда "Дашт", "Тегирмон" маҳаллалари, "Маориф" ва "Ёшлик" кўчаларидаги 272 та хонадонда яшовчи 1500 дан ортиқ аҳолининг тоза ичимлик суви таъминоти яхшиланади, - дейди фуқаролар йиғини раиси Тўлқинжон Ахмадалиев.
"Биз хам жим қараб турмоқчи эмасмиз, қудуқ ишга тушиши билан, тармоқни кўчаларимизга ўзимиз тортиб олишимиз ҳақида аҳоли билан гапни бир жойга қўйиб олганмиз. Хаммаси учун рахмат" дея қўшимча қилади маҳалла раиси.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати