Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 89 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Фарғонадаги «Мурувват» интернат уйлари бутунлай қайта таъмирланади

×

 2021-03-29 19:26:28    184

PDF yuklash
Chop etish


Мамлакатимизда одамларни ҳаётдан рози қилиш ислоҳотларнинг муҳим мезони сифатида белгиланган. Хусусан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани ана шу эзгу саъй-ҳаракатларнинг узвий қисмидир.

  Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 25 мартда қабул қилинган «Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида»ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Биргина тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида 35 та муассасада 428 миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишларини олиб бориш ва уларни 40 миллиард сўмлик жиҳозлар ва техника билан таъминлаш кўзда тутилган. Бу эса уларнинг шароитларини янада яхшилашга қаратилган юксак эътибордан далолатдир.

Бугунги кунда Фарғона вилоятида битта «Саховат» кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳамда 3 та ногиронлиги бўлган шахслар учун «Мурувват» интернат уйлари фаолият кўрсатиб келмоқда. Мазкур тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш муассасалари фаолиятидаги камчилик ва муаммоларни ҳал этиш, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат томонидан ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар ишлаб чиқилди. Хусусан, фармон асосида 2 та «Мурувват» интернат уйлари бутунлай мукаммал таъмирдан чиқарилади, вилоят ногиронлиги бўлган шахслар учун реабилитация қилиш ва протезлаш марказида эса бино ва иншоотлар таъмирланиб, 50 ўринли ётоқ биноси бунёд этилади.

Яқинда Қўқон шаҳрида 300 ўринга мўлжалланган ногиронлиги бўлган шахслар учун «Мурувват» эркаклар интернат уйининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Бу ерда 2000 йилдан буён ҳеч қандай таъмир ишлари амалга оширилмаган бўлиб, таъмирталаб аҳволга келиб қолган эди. Шу боис Президентимизнинг 2018 йил 20 июндаги «Тиббий ижтимоий муассасалар моддий-техника базасини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан 2020-2021 йилларда амалга ошириладиган қурилиш реконструкция дастурига киритилди. Икки қаватли, 80 ўринга мўлжалланган бинони бунёд этиш учун 4 миллиард 50 миллион сўм маблағ сарф этилди.

Бино мебель, чойшаб, стол-стул, шкаф, музлатгич, кир ювиш машинаси, спорт анжомлари, совутиш-иситиш ускуналари билан жиҳозланди. Васийликка олинганларнинг соғлиғини мунтазам текшириб бориш мақсадида физиотерапия асбоб-ускуналари, ультратовуш аппарати, оёқ учун массажёр, югуриш йўлакчаси харид қилинди. «Мурувват» уйидагиларнинг қизиқишларига мувофиқ турли спорт тўгараклари ташкил этилди. Рассомлик, миллий чолғулар билан шуғулланиш учун шарт-шароит яратилди. Маскандаги реабилитация бўлимига қўшимча бино қурилиб, жами ўринлар сони 53 тага етказилди. Эндиги навбат эса 300 ўринли бинони таъмирлашдир.

Ўзбекистон туманидаги Қудаш ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар «Мурувват» интернат уйида 360 нафар васийликка олинганлар истиқомат қилади. Фармонга мувофиқ, бу ерда 7 миллиард сўмликдан ортиқ маблағ эвазига бинони мукаммал таъмирлаш ишлари бошланди. Туман ҳокими Шерзоджон Йўлдошев ҳар куни бу ерда бўлиб, қурилиш ишларининг сифатини назорат қилиб бормоқда.

– Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларни соғломлаштириш ва қўллаб-қувватлаш, сифатли тиббий-ижтимоий ёрдам олишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги кенг кўламдаги ишлар зиммамизга янада масъулият юкламоқда, – дейди мазкур интернат уйи директори Мукаммалхон Темирова. – Айниқса, моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида ойлик лавозим маошларимизнинг оширилиши барча ходимларни беҳад мамнун этди. Бу ердаги васийликка олинган аёллар доимо эътиборимизда бўлиб, иссиқ совуғидан хабардормиз. Интернат уйининг мукаммал таъмирланаётгани янада яхши шароитлар яратилиши ва сифатли хизмат кўрсатишга хизмат қилади. Бу давлатимизнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожларга чинакам ғамхўрлигининг ёрқин ифодаси бўлди.

М. Сулаймонов,ЎзА