Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон туманида чигит экиш мавсуми бошланди
2021-03-24 23:16:29 300
Бугун тумандаги “Аюбжон Шокиржон” фермер хўжалиги дала майдонида 2021 йил ҳосили учун туманда чигит экишни тизимли ташкил этиш юзасидан кўргазмали семинар ташкил этилди.
Унда туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев ва сектор раҳбарлари иштирок этди.
Тумандаги барча пахта-ғаллачилик фермер хўжаликлари раҳбарлари, вилоят ва тумандаги қишлоқ хўжалиги соҳаси ташкилотлар раҳбарлари, экиш отрядлари бошлиқлари, хизмат кўрсатиш шохобчалари ва ташкилотлар вакиллари, тажрибали дехқонлар, нуронийлар жам бўлган семинарда, дастлаб Қуръон тиловат этилиб, бошланажак деҳқончилик ишларига барака тиланди. Жонлиқ сўйилиб, хайрли дуолар қилинди.
Сектор раҳбарлари ва семинар иштирокчилари экиш учун танланган пахта навлари, фойдаланиш кўзда тутилган кимёвий препаратларини кўздан кечирдилар. Техникалар шайлиги ва ҳолати ўрганилди.
Семинарда туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев экиш ишларини тўғри ташкил этиш, техникалардан унумли фойдаланиш, мавсумни тез ва сифатли якунлаш чоралари ҳақида сўз юритди.
- Деҳқон заҳмат чекмаса, натижа кутилгандек бўлмайди. Бободеҳқонларимиз белни маҳкам боғлаб айни кунларда ер тобга келганидан фойдаланиб, чигит экиш ишларига уюшқоқлик киришсалар, албатта мўл хирмон яратиб, кўзланган мақсадларга эришамиз. Бу борада барча мутасадди раҳбарлар ҳам сиз лафзи ҳалол, кўнгли тоза, меҳнаткаш миришкорларга камарбаста бўламиз, - деди туман ҳокими.
Жорий йилда тумандаги 152 та фермер хўжалиги тасарруфидаги экин ерларининг 4 минг 650 гектарида барака уруғи қадалиб, якунда 18 минг 600 тонна пахта хомашёсини йиғиб-териб олиш режаланган.
Бунинг учун мавжуд 46 та сеялка, (шундан 17 таси юқори унумли пневматик сеялка), 23 та юқори унумли ҳамда 100 дан ортиқ ер тайёрлаш механизмлари ва агрегатлари, 460 та борона мавсумга шай қилиб қўйилган.
Чигит экиш ишлари отряд усулида ташкилланиб, шакллантирилган 10 та отряд икки сменада фаолият олиб боради. Чигит тайёрлаш шахобчаларига бевосита масъул этиб тумандаги “Булут Текстиль” пахтачилик кластери бириктирилган.
Шунингдек, мазкур кластер томонидан мавжуд 10 та ҳудудга пахта парваришида агротехник тадбирларни сифатли амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида малакали мутахассислар, агрономлар жалб этилди.
Кўчма устахоналар, ёқилғи тарқатиш агрегатлари шай ҳолатга келтирилди. Мавсумни кеча-ю кундуз, узлуксиз давом эттириш, отряд аъзоларига муносиб меҳнат шароитини яратиб бериш мақсадида, кўчма ётоқхоналар ҳам ҳозирлаб қўйилди. Умуман олганда, чигит экишни оптимал муддатда якунлаш учун лозим бўлган барча техник ва ташкилий масалалар ҳал этилди.
Иш даставвалида пайкал бошида отряд раҳбарларига 2 миллион сўмдан иш ҳақи тарқатилди, бир гуруҳ тажрибали фахрий деҳқонларга эса эсдалик совғалари топширилди.
Семинар якунида, йиғилганлар “Қораёзбобо” зиёратгоҳида ташкил этилган эҳсонда ҳам иштирок этиб, эл ризқи тўкин бўлиши ҳамда деҳқончиликда мўл ҳосил сўраб Яратганга дуо қилдилар.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати