Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Аёл – миллат келажаги, ҳаёт давомчиси
2021-03-07 02:41:24 160
Табиат чирой очиб бораётган илк баҳор кунларида меҳрибон оналаримиз, дилбар опа-сингилларимизга чуқур ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиши, уларнинг латофати ва оқилалиги, садоқати ҳамда матонати мадҳ этилиши бежиз эмас. Чунки ҳаёт фалсафаси, маъно-мазмуни ва гўзаллиги, энг аввало, барчамизни дунёга келтирган Она сиймосида, аёл тимсолида намоён бўлади. Яшариш ҳамда янгиланиш фаслининг аёллар билан узвийлиги, уйғунлиги ҳам ана шунда.
Ўзбекистон туманидаги “Роҳат” тантаналар саройида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Аёл борки, олам мунаввар” номли байрам тадбири ташкил этилди.
Унда туман хотин-қизларига алоҳида эътибор ва эҳтиром кўрсатилди.
Байрам тантанасида ишлаб чиқариш фаоллари, халқ таълими, мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик ва бошқа соҳаларда, жамоат ташкилотларида самарали фаолият юритиб келаётган фаол аёллар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олган туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Мамадолим Сатторов, туман прокурори Мирзобедил Назаров ва туман ички ишлар бўлими бошлиғи Бахтиёржон Нажмиддиновлар тадбир иштирокчиларини, улар орқали барча туман аёлларини байрам билан самимий муборакбод этди.
Сўзга чиққанлар, айни дамларда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев иштирокида Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатида видеоконференция тарзида ташкил этилган учрашувда, тумандаги Қудаш “Мурувват” уйидан қатнашаётган туман ҳокими Шерзоджон Юлдашевнинг тадбир иштирокчилари ва туман аёлларига йўллаган табригини етказишди.
Тадбир давомида самарали фаолияти билан юрт ривожи ва нуфузини ошириш ҳамда ёшлар маънавиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фаол хотин-қизлар туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Байрам дастурхони атрофига йиғилган мунис опа-сингилларимизга ҳам байрам совғалари ва гуллар тарқатилди.
Тадбирнинг бадиий қисми барчага байрамона кайфият улашди. Тумандаги хушовоз санъаткорлар томонидан тайёрланган концерт дастурида янграган дилтортар куй ва наволар, шўх рақслар, онани, аёлни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлар байрам тадбирига ўзгача завқ бағишлади.
Бир сўз билан айтганда, нозик хилқат вакиллари шарафига ташкил этилган байрам тадбирида опа-сингиллар эьзозланди, улуғ ва муҳтарама аёлларга юксак эҳтиром кўрсатилди.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати