Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон туманидаги меҳр тўла мурувват уйида байрам шукуҳи (фото)
2021-03-06 23:55:37 170
Ўзбекистон туманидаги Қудаш “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Жамшидбек Хатамов, Ўзбекистон тумани ҳокими Шерзоджон Юлдашев бошчилигидаги сектор раҳбарлари, туман ҳокимлиги ва жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, меҳрга ташна қалбларга шодлик улашилди.
Тадбир аввалида эҳсон маросими ташкил этилиб, юртга тинчлик, беморларга шифо тилаб тиловат қилинди, жонлиқ сўйилди.
Муассасада айни кунларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан бўлган 360 нафар бемор аёллар Президентимиз, давлатимизнинг улкан меҳри ва ғамхўрлиги оғушида даволаниб, яшамоқдалар.
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими ўринбосари Жамшидбек Хатамов ва Ўзбекистон тумани ҳокими Шерзоджон Юлдашевлар муассасада яшовчилар ҳамда уларни меҳр ила парваришлаётган тиббиёт ходимларини бугунги байрам билан самимий қутлашди.
Аёлларга улар ёлғиз эмасликлари, давлатимизнинг кучли ижтимоий ҳимоясида эканликлари, Президентимизнинг алоҳида эътибори билан жойлардаги мана шундай масканлар янада қўллаб-қуввватланиб, бундай масканларда яшаётганларга мунтазам ғамхўрликлар кўрсатилиб борилаётгани тўғрисида яна бир бор таъкидлашди.
Тадбирда сўзга чиққан туман бош имом-хатиби Адхамжон Юлдашев муқаддас динимиз инсонларни бир-бирларига кўмак бериб, далда бўлишга чақиришини, айниқса, етим, ногирон, бемор ва муҳтож кишиларни зиёрат қилиш, ҳолидан хабар олиб, яхши сўзлар билан кўнгилларини шод этишнинг улуғ савоблари ҳақида фикр юритди.
Шу куни, туман сектор раҳбарлари ва вилоят ҳокими ўринбосари масканда яшовчилар учун тузалган байрамона дастурхонда уларга самимий меҳр билан хизмат қилишди. Шодликларига шерик бўлишди.
Байрам тадбири куй-қўшиқлар билан давом этди. “Мурувват” уйи яшовчиларининг беғубор рақслари байрамга янада кўтаринкилик бағишлади.
Туман ҳокимлигининг байрам совғалари ва нафис гуллар беморларга тарқатилди.
Шунингдек, маскандаги ногиронлиги бўлган аёлларга хонама-хона юриб совғалар топширилди.
Тадбир давомида раҳбарлар муассасадаги мавжуд шарт-шароитлар билан яна бир бор танишиб, муассаса мутасаддилари ва тиббиёт ходимлари билан суҳбат қуришди. Беморларга кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрликлар учун шифокор ва ҳамшираларга миннатдорчилик билдирилди.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати