Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ёш тадбиркорнинг катта шижоати
2021-02-13 17:22:01 133
25 ёшли Жасурбек Абдусаматов Юқори Тўлаш қишлоғидан. Ўтган йили давлат рўйхатидан ўтиб, болалар пойабзали ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.
У куни-кеча туман ҳокимининг “Халқ қабулхонаси”даги қабулида иштирок этиб, туман раҳбарига фаолияти ва янги лойиҳалари ҳақида гапириб берган эди. Шу билан бирга фаолиятини кенгайтириш, янги дастгоҳлар сотиб олиш мақсадида кредит олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.
- Эртага манзилингизга бориб, ишингиз билан танишамиз, албатта ёрдам бериш чораларини кўрамиз, деди туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев.
Ваъда қилинганидек, эртасига туман ҳокими Жасурбек фаолият кўрсатаётган манзил, “Фаровон Келажак” маҳалласига етиб борди. Ташриф давомида ҳокимнинг биринчи ўринбосари ва АТ “Халқ банки” Ўзбекистон филиали бошқарувчиси туман раҳбарига ҳамроҳлик қилди.
Ҳақиқатда, ишлаб чиқариш жойи гарчи чоғроққина бўлса ҳам, иш жараёнлари қизғин. Ёш тадбиркорнинг ғайрату-шижоати баланд, режалари бисёр.
2 навбат (смена)да ташкил қилинган жараёнда 20 нафар ишчи банд қилинган.
- Ҳозирча пойабзалларнинг таг қисмини сотиб оляпмиз, сабаби хомашёси ва дастгоҳи бироз қимматлик қиляпти, лекин келажакда барибир уни ҳам ўзимизда тайёрлаш режамизда бор. Тикувчиларимиз, қолип босувчи ва косибларимиз эса бир қатор амалларни бажариб, маҳсулотни мана шу кўринишда тайёр ҳолатга келтиришади. Айни кунларда бир суткада 100 жуфтгача пойабзални тайёр ҳолатга келтириб, сотувга чиқараётган бўлсак, қиш мавсумида бу кўрсаткични 150-200 жуфтга етказганмиз, дея иш жараёнлари билан таништира кетди ёш тадбиркор Ж.Абдусаматов.
Мавжуд 7 та тикув машинаси ҳамда хитой технологиялари ҳисобланган 4 хил ускуналар ёрдамида тайёр бўлаётган пойабзаллар, маълум бўлишича анчагина харидоргир. Буюртмага кўра Самарқанд, Тошкент ва Қўқон бозорларига етказиб берилмоқда. Келажакда экспорт қилиш режалари ҳам йўқ эмас.
Туман ҳокими ёш тадбиркорнинг бор имкониятидан фойдаланиб, йўлга қўйган бошланғич фаолияти билан яқиндан танишди. Унинг навбатдаги бизнес лойиҳалари билан қизиқди.
Шу ернинг ўзида ҳокимнинг биринчи ўринбосари ва АТ “Халқ банки” Ўзбекистон филиали бошқарувчисига барча зарурий ҳужжатларни тайёрлаб, кредит ажратилишида амалий ёрдам кўрсатиш топшириғи берилди.
Масъуллар, банк вакилларининг тавсия ва тадбиркор билан маслаҳатлари асосида Жасурбек оилавий корхона очадиган ҳамда унга 225 млн. сўм миқдоридаги имтиёзли кредит ажратиладиган бўлди.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати