Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Бир ёдгорлик тарихи “МЎЙИ МУБОРАК” КИМДА ҚОЛГАН?
2021-02-02 08:43:54 212
Фарғона вилоятида 376 та маданий мерос объекти бўлиб, уларнинг 88 таси муқаддас зиёратгоҳ ҳисобланади. Ўзбекистон туманининг Овчи қишлоғидаги “Мўйи муборак” шундай табаррук қадамжолардан.
Тарихчиларнинг маълумотига кўра, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в) ҳаётлик даврида фойдаланган буюмлар ва ашёлар жуда қадрланган. Улар орасида кенг тарқалгани соч толалари ҳисобланади. Алихон тўра Соғунийнинг маълумотига кўра, пайғамбаримиз (с.а.в.) умрлари давомида тўрт марта соч олдирган ва соч толалари саҳобалар ўртасида бўлишиб олинган.
Шайх Бурҳониддин Соғаржий (Х аср) пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг чопонларини кийганча бутун мусулмон мамлакатлари, ҳатто Хитойгача бориб, тумор ичидаги етти дона муборак мўй билан ислом тарафдорларини кўпайтириб юрган. У Хитойда вафот этган бўлса-да, васиятига кўра Самарқандда дафн этилган. Муборак мўйлар қабри устидаги мақбарада сақланиб келинган. Соҳибқирон Амир Темур мақбара томига гумбаз қилдириб, ичига муборак мўйларни қўйдирган. Мазкур ёдгорлик Рухобод мақбараси номи билан машҳур. Самарқандда, шунингдек, “Мўйи муборак Уккоша” жоме масжиди ҳозиргача фаолият кўрсатади.
Муборак мўйлардан яна бири Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати имом” мажмуасидаги хонақоҳда сақланган. Унинг Тошкентда пайдо бўлиши Ҳазрати Қаффол Шоший (903-976 йй.) номи билан боғлиқ. У вафот этганидан сўнг бир мунча вақт ўтиб, мақбараси ёнида “Мўйи муборак” хонақоси барпо этилган. Ушбу хонақо бир неча марта қайта қурилган. Ҳатто шу номли мадраса ҳам фаолият юритган. Охирги марта XIX аср ўрталарида хонақо ва мад-раса қайта қурилган. Қурилишда Қўқон ноиби Абулқосимхон жонбозлик кўрсатганлиги учун халқ орасида мазкур мадраса “Абулқосимхон мадрасаси” номи билан машҳур бўлган.
Соҳибқирон Амир Темур даврида муқаддас ашёлар сони кескин кўпайди. Уларнинг бир қисми Дамашққа қилинган юриш вақтида, бошқа бир қисми дин пешволари томонидан келтирилган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодлари саройида Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) хонадонига тегишли бўлган 28 та муқаддас ашё сақланар эди. Ҳозирда улар Лоҳур (Покистон) шаҳридаги “Шоҳ қалъа” мажмуасида сақланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.)нинг нимчаси, ковуши, салласи, қабр ёпинчиғи, соч толалари, оёқ излари ва бошқа муқаддас ашёлар шулар жумласидан. Уларнинг айримлари Турк султони Боязид II томонидан Бобур мирзога чексиз ҳурмат ва дўстона муносабатлар эвазига тақдим этилган. Бобур ва унинг авлодлари тўплаган муқаддас ашёларнинг яна бир тўплами, шу жумладан, Мўйи муборак ҳам Деҳли шаҳридаги “Шоҳ Жаҳон” масжидида шиша найча ичида сақланиб келинади.
Муборак мўйлар Фарғона водийсига илк марта XVIII асрда кириб келган. Бунга Арабистон ярим оролидаги парокандалик сабаб бўлган. Муқаддас ашёларнинг нобуд бўлишидан чўчиган “сақловчилар” уларни турли мусулмон мамлакатларига бериб юборишган. Шу даврда яшаган шоир Маъдан (1761-1838 йй.)нинг маълумотига қараганда, 1770 йилда муборак мўйлардан бир нечтаси Марғилон шаҳрига олиб келинган.
Табиийки, муборак мўйларнинг Марғилонда пайдо бўлиши аҳоли ўртасида шаҳарга муносабатнинг ижобий томонга ўзгаришига олиб келди. Айниқса, Умарбек даври (1799-1810 йй.)га келиб, Марғилондаги Мўйи муборак сақланган жой ободонлаштирилиб, зиёратчилар учун қулайликлар яратилди. Муборак мўйлар шаҳарнинг Тошкесар дарвозасига яқин жойда, Тўралар маҳалласининг шимолий қисмида жойлашган шу номли масжидда сақланган.
Шунингдек, Марғилоннинг бошқа бир жойида – Хўжа Маъоз ибн Жабал зиёратгоҳида ҳам муборак мўй сақланган бўлиб, мазкур мажмуанинг илк қурилиши XV-XVI асрларга, тўлиқ қурилиши XVIII асрга тўғри келади. Маълумотларга кўра, 1848 йили Марғилон шаҳрида Ўтамбой парвоначи ҳокимлик қилиб турган кезлари зиёратгоҳ ҳудудидаги “Мўйи муборак” мақбарасини таъмирлаш ишларига катта эътибор қаратилган.
Умархон даврида мамлакатнинг сиёсий мавқеи янада кучайиб, қўшни давлатлар билан дипломатик муносабатлар йўлга қўйилди. Муҳаммад Алихон даври (1821-1842 йй.)га келганда Қўқон элчилари Абдураҳмон шарбатдор билан Эрназар домла Истанбулга, Усмонийлар салтанатига ҳам боришган. Тарихчи Мулла Олимнинг маълумотларига кўра, Муҳаммад Алихон “…жулусининг ўн бешинчи йили (тахминан 1837 й.)да элчилар… нафис ҳадя ва қамматбаҳо матолар ила … Фарғонага қайтиб келдилар”. Шу ҳадялар орасида муборак мўйнинг бир нечта толаси ҳам бор эди. Бироқ бу ашёлар кимда ва қаерда сақланганлиги номаълум.
Бухоро амири Насрулло Қўқонга бостириб келган кезларда Муҳаммад Алихон ҳузурига кекса бир шайх мўйи муборакни олиб келиб, ундан мадад сўрашни таклиф этади. Бироқ хон таклифни беэътибор қолдиради. Айтиш жоизки, шу даврда сохта муқаддас ашёларни олиб юриб, фирибгарлик қиладиган шахслар кўпайиб кетган эди. Бундан ташқари, шу йиллари бир гуруҳ марғилонликлар ҳаж сафарига бориб, у ердан муборак мўйлардан бир нечтасини олиб келишади. Улар мўйларни хондан сир тутмоқчи бўлишади. Бироқ орадаги маълум муддатлик совуқчиликдан кейин мўйлар Муҳаммад Алихонга тақдим қилинади.
Муҳаммад Алихон узоқ давом этган баҳс-мунозаралардан сўнг Қўқон яқинидаги Қоратепа қишлоғида жойлашган қадимий тепалик устига муборак мўйлар учун иморат – мақбара қуришга рухсат берди. Бу қишлоқ XVIII аср ўрталаридаёқ Қўқон хонлари томонидан сўлим маскан сифатида қадрланиб, ҳар йили ёз ойларида шу ерда оммавий сайил ва дам олиш маросимлари ўтказилиб келинган.
Турли диний маросимлардан холи бўлган кезларда “Мўйи муборак” зиёратгоҳи шоира Нодирабегимнинг мушоира ўтказадиган севимли масканига айланган. Кейинчалик бу қишлоқ Мўйи муборак деб аталадиган бўлди.
Бухоро амири Насрулло Қўқонга бостириб келганда (1842 й.) Мўйи муборакликлар Қўқон ичига беркиниб олишади. Амир қишлоқда қолиб, 40 кун давомида “Мўйи муборак” масжидида намоз ўқиган. У Қўқонни талон-тарож қилган даврда муборак мўйни қўлга киритмоқчи бўлади. Бироқ уни маҳаллий аҳоли аллақачон беркитиб улгурган эди. Фақат Шералихон тахтга ўтиргандан кейин Мўйи муборак яна жойига қайтарилди. Бунда мўйни эҳтиёт қилиб сақлаган Эшон Саримсоқхон тўранинг хизматлари катта бўлди.
Кейинги давр хонлари ХIХ аср охирларига қадар бу жойда турли диний ва мавсумий байрамлар ўтказишга одатланишди. Хон хазинасидан муқаддас ҳисобланган қадамжони обод қилиш учун махсус маблағлар ажратиб туриладиган бўлди. Биргина Худоёрхон даврига оид молиявий ҳужжатларда зиёратгоҳ 65 марта тилга олинади. Сақланиб қолган ҳужжатларга кўра, Қўқон хонлиги давридаги “Мўйи муборак” мажмуасида сўнгги қурилиш-таъмирлаш ишлари 1873-1875 йилларда олиб борилган, унга Тўражон Тўра Эшон, уста Аҳмад Нажжор масъул бўлган. Маҳаллий кексаларнинг эслашича, қўрғон дастлабки вақтларда жуда ҳайбатли ва ҳайратомуз кўринишга эга эди.
“Мўйи муборак”даги муҳим тарихий воқеалардан яна бири Худоёрхон даври (1875 йилнинг ёзи)да юз берган. Пўлатхон бошчилигидаги қўзғолончилар Худоёрхоннинг чекиниб бораётган карвонига “Мўйи муборак”ка келганда ҳужум уюштирган. Карвон шу ерда талон-тарож қилинади. Соқчилар ҳужумга бардош беролмайди. Фақат хон хонадони вакилларининг айримлари жонини омон сақлаб, Хўжандгача аранг етиб боради. Хоннинг катта ўғли Насриддинбек отасидан ажралиб, “Мўйи муборак”ка қайтиб келди. У халққа яхши кўриниш мақсадида хазинанинг катта қисмини аҳолига тарқатиб юборади.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан хонлик Россия империяси томонидан босиб олинди. Шу тариқа “Мўйи муборак” давлат эътиборидан четда қолади. Қаровсизлик оқибатида ёдгорлик нурай бошлайди. Бундан ташвишга тушган маҳаллий амалдорлар уни ҳомийлик асосида таъмирлашга киришади. Шундай шахслардан бири қўқонлик Собирбой исмли йирик амалдор ташаббус кўрсатиб, тахминан 1890 йилларда “Мўйи муборак”ни таъмирлашга бош-қош бўлади.
ХХ аср бошларига келганда зиёратгоҳ яна турли маросимлар ўтказиладиган сўлим ва азиз жойга айлантирилган эди. Бундай тадбирлар кўпинча маданий дам олиш маросимларига айланиб кетарди. “Мўйи муборак”даги мушоира, ғазалхонлик, мақом кечалари ат-рофга донг таратган.
Совет ҳукумати ҳокимият тепасига келгандан кейин азиз қадамжолар оёқ ости қилина бошланди. Муборак мўй ўтган асрнинг 20-йилларида номаълум шахслар қўлида қолади. Ёдгорлик эса узоқ вақт ҳукумат кўзидан йироқда сақланган. Ҳатто вилоятдаги тарихий ёдгорликлар рўйхатига ҳам киритилмаган. Фақатгина 1990-йилларга келганда у меъморий обида сифатида давлат рўйхатига олинди. 1999 йилда зиёратгоҳ ҳудудида биринчи марта археологик тадқиқотлар олиб борилиб, ёдгорлик остида милодий VI асрга мансуб қўрғон қолдиқлари мавжудлиги аниқланди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда тарихий обидалар ва муқаддас қадамжоларни таъмирлаш, қайта тиклаш ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда. Жумладан, 2020 йилнинг ўзида Маданият вазирлиги томонидан мазкур тарихий обидани мукаммал таъмирлаш учун 1 млрд. 15 млн. сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. 2021 йилда таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари давом эттирилиб, у вилоятимизнинг туристик объектларидан бирига айлантирилади.
Б.ҲОШИМОВ,
Фарғона вилояти маданий мерос бошқармаси мутахассиси
Манба: "Фарғона ҳақиқати" газетаси