Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Фидоий устознинг меҳнати яна бир бор эътироф этилди
2021-02-01 17:56:33 208
Январ ойининг бошида Фарғона шаҳрида умумий ўрта таълим мактабларининг 9, 10 ва 11-синф ўқувчилари учун фан олимпиадасининг вилоят босқичи ўтказилди.
Эътиборлиси, ана шу билимлар синовида 13 нафар туманимиз ўқувчилари вилоят босқичида ғолиб чиқиб, республика йўлланмасини қўлга киритишди.
Мазкур билимдонлардан 9 нафари жонкуяр устоз – Ўзбекистон туманидаги 65-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиси Одинахон Йўлдошеванинг шогирдлари ҳисобланади.
Бундан бир неча-кун аввал, аниқроғи 14 январ куни Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан туман халқ таълими бўлими томонидан ташкил этилган байрам тадбирига зукко билимдонлар ва уларнинг устозлари таклиф этилди.
Тадбирда иштирок этган туман ҳокими Қ.Джураев ўқувчилар ва уларнинг мураббийларини байрам ва эришилган зафарлар билан самимий қутлаб, ўқувчиларнинг ютуқлари бардавом бўлишини, Республика босқичида ҳам ғолибликни қўлга киритиб, албатта туман ҳокимлигининг қимматбаҳо совғаларига эришишларини тилаган эди. Шунингдек фан олимпиадалари вилоят босқичи ғолиблари, вилоят миқёсида ўтказилган турли онлайн кўрик танловлар ғолиб ва совриндорлари ҳамда уларнинг фидоий устозларига диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Мазкур учрашувда халқ таълими аълочиси, ўз касбига меҳр қўйган муаллима Одинахон Йўлдошева билан суҳбатлашган туман ҳокими Қ.Джураев, эришилган бу ютуқ ва устознинг фидоийлиги учун алоҳида ташаккур билдириб, устознинг меҳнатлари ҳокимлик томонидан ҳали яна кўп муносиб тақдирланишини маълум қилган эди.
Бугун, изланувчан устознинг самарали меҳнати яна бир бор эътироф этилиб, опага туман ҳокимлигининг совғаси-шахсий компьютер жамланмаси ва замонавий принтер тақдим этилди.
Мактаб-интернатда устознинг шогирдлари - бўлажак дастурчилар иштирокида ўтказилган учрашувда ҳокимлик совғасини туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи - туман ҳокими ўринбосари Махмудахон Камолова топширди.
Меҳмонлар ўқувчилар билан дилдан суҳбатлашиб, уларнинг машғулот жараёнлари билан танишдилар.
Таълим фидоийларига ёш авлодга чуқур таълим-тарбия бериш йўлида ғайрат-шижоат ва албатта ўқувчиларга эса навбатдаги ана шундай турли танловларда янада улкан зафарлар тиланди.
Сизлар том маънода эртамиз эгалари, юртимиз ворисларисиз. Сизлардан ҳали умидимиз катта, кўнглимизда ишончимиз бисёр. Бор иқтидор ва билимларингни тўла намоён этиб, аввал ҳам таъкидланганидек бундан-да юксак натижаларни қўлга киритасизлар ва биз ҳам сизларни қўллаб-қувватлашдан, рағбатлантиришдан ҳали чарчамаймиз, - деди туман ҳокими ўринбосари М.Камолова.
Айни кунларда вилоят олимпиадасида ғолиб бўлган ўқувчилар республика босқичига қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Улар халқаро миқёсда ҳам юртимиз довруғини дунёга танитишни ният қилишган. Ана шундай улкан ва эзгу мақсадлар йўлида биз барча ўқувчилар ва уларнинг мураббийларига яна бир бор омадлар тилаб қоламиз.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати