Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ёшлар билан яна бир самарали учрашув
2021-01-31 01:14:56 205
Республика ишчи гуруҳи вакили, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Шерзодбек Рахимов иштирокида Ўзбекистон туманидаги ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди.
23-болалар мусиқа ва санъат мактабида ташкил этилган тадбирда туман ҳокими Қахрамонжон Джураев бошчилигидаги сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари ва масъул идоралар раҳбарлари иштирок этдилар.
Учрашув аввалида депутат Шерзод Рахимов ва туман ҳокими Қахрамонжон Джураевлар томонидан якунланган йилнинг 25 декабр куни бўлиб ўтган давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан учрашуви ва Парламентга мурожаатномаларида ёшларимизга қатор имкониятлар тақдим қилингани, 2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” йили деб ном берилганлигининг ўзи ҳам янги йилнинг ёшларимиз учун имкониятлар ва муваффақиятлар манбаи бўлиши таъкидлаб ўтилди.
Туман ҳокими ўз сўзида ёшларни ватанимиз номи билан аталувчи туманнинг ҳақиқий ҳаракатлантирувчи кучи сифатида эътироф этди. Сектор раҳбарлари ва бошқа масъуллар иштирокида ҳудудларда ёшлар билан ўтказилаётган учрашув ва суҳбатлар, уларнинг самарадорлиги ҳақида гапириб ўтди.
Очиқ мулоқотда эртамиз эгаларининг фикр-мулоҳазалари тингланди, уларни қийнаётган масалалар тўғрисида суҳбатлашилиб, мавжуд муаммоларга учрашувнинг ўзидаёқ ечим ва таклифлар берилди.
Самимий мулоқот тарзидаги учрашувда бандлик, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, замонавий ахборот ресурс маркази барпо этиш, спорт иншоати қуриш, ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш, кредит ажратиш, моддий ёрдам олишда амалий кўмак бериш сингари масалалар юзасидан 20 нафардан ортиқ ёшлар ўзларининг муаммо ва таклифлар ўртага ташладилар.
Бандликни таъминлашни сўраб мурожаат қилган 6 нафар ёшларнинг масалалари ижросига туман Бандликка кўмаклашиш маркази масъул этиб бириктирилиб, ижро муддатлари йиғилиш баёнига қайд этилди.
Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ёки мавжуд тадбиркорлигини ривожлантириш учун кредит олишда амалий ёрдам сўраган ёшларнинг мурожаатларини тумандаги тижорат банклари масъуллари жойига чиқиб ўрганадиган, амалий хулоса, муносиб таклиф ва кўмак кўрсатадиган бўлдилар.
- Уйда тикувчилик билан шуғулланмоқчиман, бу ҳунар қўлимдан келади. Шу билан оилавий даромадимизга муносиб ҳиссамни қўшмоқчиман, кейинчалик фаолиятни кенгайтириб, маҳалладаги опа-сингиллар ва дугоналарим билан тикувчилик цехи ташкил этиш ниятимиз ҳам йўқ эмас. Лекин, бир муаммо бор, тикувчилик машинаси олишга ҳозирча маблағим ҳам, кредит олишга эса имкониятим ҳам йўқ, дейди Хотамтой қишлоғилик Раънохон Хошимова.
Баракали ҳунарни бошини тутишга иштиёқи баланд бўлган Раънохонга шу ернинг ўзида туман ҳокимлиги томонидан замонавий тикув машинаси тақдим этилди.
Шодлик МФЙдан ташриф буюрган, 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган Насибахон Турдалиеванинг маълум қилишича, тақдир тақозоси билан турмуш ўртоғининг ҳам 1-гуруҳ ногиронлиги бор экан. Насибахон ҳам раҳбарларга мурожаати давомида уй шароитида тикувчилик билан шуғулланиши, бунинг учун учун тикув машинаси олишда амалий кўмак сўради. Келажакдан умиди баланд Насибахонга ҳам ҳокимлик томонидан замонавий тикув машинаси совға қилинди.
“Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган Пасткиқўриқлик Насибахон Юлдашева, ҳозирги кунда ишсиз, уй шароитида тадбиркорлик билан шуғулланишни истаган А.Жомий маҳалласидан келган Сехриё Турсуналиева, Нурсухлик Зулхумор Хасанова, ногиронлиги бўлган фарзанди бор Сочтепалик Дилдора Пўлатоваларнинг мурожаатларига асосан, ҳар бирларига замонавий пиширгичлар ҳадя қилинди.
Тадбир якунида, унда иштирок этган бир гуруҳ фаол ёшлар, хусусан куни-кеча ташкил этилган “Ёш китобхон” республика кўрик-танловининг туман босқичи ғолибларига ҳам туман ҳокимлигининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Ёшларимизни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби таъсирли чора-тадбирлар, муҳим учрашувлар Ўзбекистон туманида давом этмоқда.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати