Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ишсиз фуқаролар касб-ҳунарга ўргатилмоқда
2021-01-31 01:12:23 180
Ўзбекистон туманида аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнатга лаёқатли фуқароларнинг меҳнат қилиш ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш устувор вазифага айланган.
Бу борада, туманда ташкил этилган ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш (касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш) маркази фаолияти ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Дўстларобод қишлоғида жойлашган 2-сонли касб-ҳунар мактаби (собиқ қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар мактаби) биносида жойлашган мазкур марказда айни кунларда тикувчилик, пазандачилик-қандолатчилик ва аёллар сартарошлиги йўналишларида 68 нафар хотин-қизлар касб-ҳунарга ўргатилмоқда.
Ўзбекистон тумани ҳокими Қ.Джураев марказга ташриф буюриб, бу ерда яратилган мавжуд шароитлар билан яқиндан танишди.
- Ўқитиладиган касб турлари босқичма-босқич кўпайтирилмоқда. Дастлабки курсда банд бўлмаган 42 нафар аёлларимизни тикувчилик ва пазандачилик-қандолатчилик йўналишлари бўйича ўқитган бўлсак, ҳозирги давом этаётган босқичимизда аёллар сартарошлиги бўйича ҳам курслар ташкил этилган. Феврал ойининг биринчи ўн кунлигидан бошлаб эса, қурилиш, электромонтёрлик, пайвандчилик ва эркаклар сартарошлиги йўналишлари бўйича касб-ҳунарга ўқитиш учун ишсиз фуқароларни рўйхатини шакллантирдик, дейди туман бандликка кўмаклашиш маркази директори Ш.Мирзаакбаров.
Қайд этилишича айни кунларда касб-ҳунарга ўқитилаётган ҳар бир ишсиз фуқароларга ҳар ойда 180 мингдан-239 минг сўмгача стипендия тўланмоқда. Тез орада эса стипендия миқдори 3 баробарга оширилиши белгиланган.
Ўқиш муддати 3 ойгача бўлган мазкур марказ ўз фаолиятини кенгайтириб, қўшимча равишда тумандаги яна 2 та касб-ҳунар мактаблари биносида давом эттириши кўзда тутилган. Булар, 1-сонли касб-ҳунар мактаби (собиқ Аграсонат коллежи) ва ҚДПИ ҳузуридаги Ўзбекистон саноат техникуми (собиқ Саноат ва иқтисодиёт коллежи) бўлиб, ишсиз фуқароларни замонавий касб-ҳунарга ўқитиш, доимий даромад келтирадиган меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Марказ битирувчиларига эгаллаган касби (мутахассислиги) бўйича малакасини тасдиқловчи ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи давлат намунасидаги сертификат берилади. Шунингдек, сертификат эгаларининг тадбиркорлик фаолиятларини бошлашларига, хусусан банклардан кредит олишга кўмаклашиш мақсадида туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан тавсияномалар берилади.
- Марказга пишириқ ва қандолатчиликни ўрганиш учун Бегобод қишлоғидан ташриф буюрдим. Бу ҳунар ҳар тугул уй шароитида унча-мунча қўлимдан келсада, малакали устоздан янада чуқур билим олишни истадим. Муҳими сертификат олганимиздан кейин мустақил равишда ўз бизнесимизни йўлга қўйишимиз мумкин экан, менга шуниси айниқса маъқул келди, дейди Ҳаётхон Ахмадалиева.
Туман ҳокими Қ.Джураев марказ фаолияти билан танишиш давомида касб-ҳунарга ўқиётган хотин-қизлар ва уларнинг устозлари билан суҳбатлашди. Келгусида марказ фаолиятини янада кенгайтириш, марказни қўшимча зарурий моддий-техника базалари билан таъминлаш юзасидан режа ва мақсадларни маълум қилди. Шунингдек, марказни битириб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагини билдирган фуқароларга ҳокимлик томонидан амалий кўмаклар кўрсатилиши туман ҳокими томонидан таъкидланди.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати