Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
ЎЗБЕКИСТОН ТУМАНИ ҲОКИМИ ҚАХРАМОНЖОН ДЖУРАЕВНИНГ БАЙРАМ ТАБРИГИ
2020-10-21 12:05:15 179
Ассалому алайкум, муҳтарам юртдошлар, хурматли тумандошлар!
Азиз дўстлар!
Авваламбор, барчангизни бугунги айём – Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганлигининг ўттиз бир йиллиги билан самимий муборакбод этаман.
Тил-инсониятга инъом этилган буюк неъмат! У халқ тарихи, руҳияти, ўзлигини ифодалайди.
Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир. Ўзбек тили туркий тиллар оиласига мансуб энг йирик тиллардан биридир. Жаҳонда бу тилда 50 миллионга яқин кишилар сўзлашади.
Ушбу қутлуғ айёмни улкан қувонч билан нишонлар эканмиз, аввало, 1989 йил 21 октябр санасини — “Давлат тили ҳақида"ги қонун қабул қилинган кунни эслашимиз ўринлидир.
Ўзбек тили давлат тили сифатида халқимизни бирлаштирадиган, жамиятимизни улуғ мақсадлар сари сафарбар этадиган қудратли куч бўлиб майдонга чиқди. Айни вақтда у Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги сари қўйилган биринчи дадил қадам ҳисобланади.
Мазкур қонун халқимизнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш йўлидаги азму қарорининг ёрқин намоёни бўлди. Орадан икки йил ўтиб, Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги айнан она тилимизда бутун жаҳонга эълон қилинди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан сўнгги йилларда юртимизда давлат тили мақомини янада юксалтиришга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилмоқда. Президентимизнинг 2019 йил 21 октябр кунги фармони билан 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди. Вазирлар Маҳкамаси таркибида “Давлат тилини ривожлантириш департаменти” ташкил этилди.
Бу борада, юртбошимизнинг жорий йилнинг 23 сентябр куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг олий минбаридаги чиқишида илк бор ўзбек тилида нутқ сўзлагани мамлакатимиз ҳаётида тарихий ва қувончли воқеага айланиб, барчамизнинг қалбимизга ғурур солди десак янглишмаган бўламиз.
Барчамизга яхши аёнки , она тили- миллат маънавиятининг мустаҳкам пойдеворидир. Улуғ маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, хар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ойинаи ҳаёти – бу унинг миллий тили ва адабиётидир.
Мухтасар айтганда, хар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб билиб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим.
Қадрли тумандошлар!
Сизларни ва бутун халқимизни ўзбек тили байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилаларингизга файзу барака, бахту саодат тилайман.
Ўзбек тили – она тилимизнинг нуфузи, обрў-эътибори янада зиёда бўлсин!
Шундай бебаҳо бойлик соҳиби бўлган, уни ҳамиша асраб-авайлаб келаётган азиз халқимиз омон бўлсин!
Қ.Джураев,
Ўзбекистон тумани ҳокими