Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Янги гипс заводи ишга тушиши натижасида 135 та янги ишчи ўрни яратилди
2020-10-19 19:26:14 186
Ўзбекистон туманидаги Шўрсув саноат шаҳарчаси ҳудудида фойдали қазилма конлари мавжуд. Бу заминдаги оҳак, гипс тошлар, темир таркибли оҳра тупроқлар табиатнинг ноёб бойликларидир. Ушбу табиий имкониятлардан унумли фойдаланаётган туманимиз тадбиркорлари янги-янги ишлаб чиқариш субъектларини ташкил этмоқдалар.
Тумандаги “PFC Turon” масъулияти чекланган жамияти қошида гипс ишлаб чиқариш заводи иш бошлади.
Бугун ушбу янги линиянинг расмий очилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон тумани ҳокими Қ.Джураев, ДХХ туман бўлими бошлиғи О.Сиддиқов, туман ИИБ бошлиғи Б.Нажмиддинов, корхона таъсисчилари, ишчи-ходимлари ва бошқа тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.
Етти ой муддатда қуриб битказилган заводда бир кеча кундузда 500 тонна сифатли гипс маҳсулоти тайёрланади.
Хитой Халқ Республикасидан олиб келинган замонавий линиялар билан жиҳозланган корхонанинг ишга тушиши муносабати билан 135 та янги иш ўрни яратилди. Улардан 100 нафарини аксарият ҳудуд ёшлари ташкил этса, 35 нафари коллеж битирувчиларидир.
– Маҳсулотларимиз асосан экспортга мўлжалланган. Қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон давлатлари билан савдо шартномаларимиз мавжуд, – дейди янги корхона раҳбари Орифжон Тўхтабоев. – Иш тартибимиз эса 3 сменада ташкил этилиб, ишчи-ходимларимизга барча қулайлик ва шароитлар яратилган.
Тадбирда қатнашган сектор раҳбарлари мазкур корхонанинг барқарор фаолияти туманимиз иқтисодиётига, экспорт салоҳиятига катта фойда келтириши билан биргаликда аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди.
Шундан сўнг йиғилганлар иштирокида ишлаб чиқариш технологияси кўздан кечирилиб, юқори сифатли маҳсулотлар бозорда рақобат муҳитида ўз ўрнини топишига ишонч билдирилди.
Тантанали маросимда янги заводнинг қуриб, ишга туширилишида ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган бир гуруҳ корхона ходимларига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати