Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
ТУМАННИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНТИРИШ ЮЗАСИДАН КЕЛГУСИДАГИ МУҲИМ ВАЗИФАЛАР ТУМАН КЕНГАШИ СЕССИЯДА МУҲОКАМА ЭТИЛДИ
2020-10-06 23:53:56 167
Бугун, 6 октябрь куни халқ депутатлари Ўзбекистон тумани Кенгашининг навбатдаги 11-сессияси бўлиб ўтди. Унга Кенгаш раиси, туман ҳокими Қахрамонжон Джураев раислик қилди.
Тумандан сайланган вилоят Кенгаши ва туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокими ўринбосарлари, ташкилот, муассасалар раҳбарлари, сиёсий партиялар ва ОАВ вакиллари иштирок этган сессия ишида, шунингдек Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари- вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Мухсунхўжа Абдурахмонов ва вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Шукурулло Нисбатхоновлар қатнашдилар.
Сессия кун тартибидан жой олган:
Ўзбекистон туманини келгусида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш орқали “ўрта” ҳудуддан чиқариш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар ҳамда
туманда коронавирус пандемияси даврида аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромади кескин камайишини олдини олиш, муҳтож оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш бўйича “Темир дафтар”га киритилиб, ҳозирги кунда 4 та сектор томонидан ўрганиш натижасида моддий аҳволи яхшиланган ёки иш билан таъминланган фуқароларнинг розилиги билан “Темир дафтар”дан чиқариш тўғрисидаги масалалар батафсил муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги дастлабки масала юзасидан туман ҳокими Қахрамонжон Джураев сўз олиб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичлари, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш, экспортни кенгайтириш ва йўл қўйилган камчиликларини бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида ахборот берди.
Маълумки, жорий йил 24 сентябрь куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда туман ва шаҳарлар “яшил”, “сариқ” ва “қизил” ҳудудларга ажратилди.
Президентимизнинг 2020 йил 1 майдаги “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида” қарори ижроси бўйича натижалар таҳлилига кўра, Ўзбекистон тумани “сариқ” ҳудудга киритилди.
Ана шундан келиб чиқиб, тез муддатларда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, жорий йил якунлари ҳамда 2021 йилнинг дастлабки чорагида барча кўрсаткичларни яхшилаш, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва “яшил” ҳудудга ўтказиш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Туман ҳокими ўз ахбороти давомида Президентимизнинг юқоридаги маърузасида қайд этиб ўтилган ишлар ва келгусидаги вазифаларни сектор раҳбарлари билан биргаликда амалга ошириб, 2020 йил якуни билан туманни “ўрта” ҳудуд тоифасидан “яхши” ҳудуд тоифасига чиқариш учун барча зарурий чоралар кўрилишини таъкидлади.
Кун тартибидаги мазкур масала юзасидан, вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Муҳсинхўжа Абдураҳмонов сўз олиб, дарҳақиқат туманни “ўрта” ҳудуддан “яхши” ҳудуд тоифасига олиб чиқиш бўйича туманда етарлича манба ва салоҳиятлар мавжуд эканлигини, мазкур манбалардан тўлиқ фойдаланиш бўйича ўзининг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирди.
Шунингдек сессия ишида кун тартибидаги навбатдаги масала- “Темир дафтар”га киритилган оилалар аъзоларини иш билан таъминлаш, уларни ҳар томонлама моддий қўллаб-қувватлаш натижасида, секторлар томонидан ўрганишлар давомидаги бундай оилаларнинг ўз розилиги билан “Темир дафтар”дан чиқариш бўйича таклифлари депутатлар томонидан муҳокама қилинди.
Сессия иштирокчилари кун тартибида ҳар икки масала юзасидан ҳам сектор раҳбарлари ва сессияда иштирок этаётган мутасаддиларга ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилди.
Сессия якунига кўра, кун тартибида кўрилган масалалар бўйича халқ депутатлари Ўзбекистон тумани Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати