Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
ЎЗБЕКИСТОН ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИНИНГ РАСМИЙ БИЛДИРИШИ
2020-10-06 20:15:44 157
Кун.уз нашрининг телеграм ижтимоий тармоғидаги Фарғона вилоятига оид хабар ва янгиликлар расмий каналида “Ўзбекистон тумани ҳокими ўринбосарининг тадбиркорда қасди борми?” сарлавҳаси билан фуқаро Санжарбек Ҳасановнинг мурожаати эълон қилинди.
Унда маълум қилинишича, кун.уз таҳририятига Ўзбекистон туманидаги фуқаро Санжарбек Ҳасанов мурожаат қилиб, ўз мурожаатида кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари эканлиги, жорий йилнинг 24 сентябрь куни соат 18:00 ларда номаълум 2 киши хусусий мулки бўлган завод ҳудудига рухсатсиз кириб, ҳеч кимга ҳеч нарса демасдан видеотасвирга ола бошлагани, кейинчалик аниқлашича улар туман инвестиция бўлими ходими эканлигини ҳамда мазкур ходимлар туман ҳокими ўринбосари кўрсатмаси билан келишганини баён этади. Мурожаатчи шунингдек, туман ҳокимининг ўринбосари анчадан буён ўзи (яъни С.Хасанов) билан тескари бўлиб, фаолиятини "синдириш" пайида юрганлиги ҳақида билдириб, мавжуд ҳолат юзасидан ваколатли идоралардан ҳуқуқларини ҳимоя қилишларини илтимос қилади.
Шунга кўра, Ўзбекистон тумани ҳокимлиги қуйидагиларни маълум қилади.
Мурожаат муаллифи ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистон туманидаги “Хидоятхон Сардорбек Санжарбек боғи” фермер хўжалиги раҳбари бўлиб, хўжалик Ўзбекистон туман ҳокимининг 24.10.2006 йилдаги 590-сонли қарорига асосан боғдорчилик йўналишида ташкил этилган. Ўтган давр мобайнида фаолият соҳасини кенгайтириб кўп тармоқли фермер хўжалиги сифатида шаклланган.
Мурожаатда келтирилган, холат юзасидан ўтказилган ўрганиш мобайнида, 2020 йил 24 сентябр куни вилоят Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси мутахассиси томонидан туман ҳокимлиги Инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бош мутахассиси М.Муртозохоновга телефон орқали хизмат юзасидан туманнинг Қўқон шаҳрига яқин қисмида жойлашган шағал каръерларни ва у ердаги корхоналарни, умуман шу соҳа бўйича ҳудудни ўрганиб беришини сўраганлиги аниқланди. Вилоят Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси мутахассиси ўз топшириғига қўшимча ва илова тарзида “Телеграм” мессенджери орқали “геолокациялар”ни тақдим этган.
Туман ҳокимлиги Инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бош мутахассиси М.Муртозохонов ушбу топшириқни ўз муддатидан кечиктирмай бажариш мақсадида тақдим этилган геолокациялар асосида кўрсатилган манзилга борган. Мазкур жой ҳақиқатда, тадбиркор С.Хасановга тегишли тош майдалаш цехи бўлиб, бу ҳақда туман ҳокимлиги мутахассиси билмаган. Ҳокимлик вакили цехга кириб борганда, у ерда уч нафар корхона ишчилари бўлган. Ишчилардан корхонанинг раҳбари С.Хасанов эканлигини шу жойнинг ўзида сўраб билган мутахассис, ташрифининг боисини ишчиларга маълум қилган. Шунингдек, бу тўғрисида корхона раҳбарини хам хабардор қилиш мақсадида, С.Хасановнинг телефон рақамини сўраган ва унга қўнғироқ қилган. Лекин, корхона раҳбари билан боғланишнинг иложи бўлмаган. М.Муртозохоновнинг тушунтириш беришича, шунда ишчилардан бири тадбиркор С.Хасановнинг укасига телефон қилиб, корхонага туман ҳокимлигидан вакиллар келишганлигини айтган. Бу орада эса туман ҳокимлиги бош мутахассиси хизмат юзасидан корхона фаолияти билан танишиб, телефон аппаратига фотосуратга олган ва корхонани тарк этган. Шунингдек туман ҳокимлиги бош мутахассиси М.Муртозохонов юқорида келтириб ўтилган топшириқ асосида нафақат мазкур корхона, балки унга туташ бўлган яна битта корхона фаолияти билан ҳам танишиб ортига қайтади.
Туман ҳокими ўринбосари-туман инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи М.Мансуров бетоблиги сабабли 21-26 сентябр кунлари уй шароитида даволанган. Юқоридаги ҳолат содир бўлган кун, яъни 24 сентябрда ҳам туман ҳокими ўринбосари хизмат вазифасида бўлмаган ва ўз тушунтиришида баён этганидек, айнан ўша кунги мазкур топшириқ ва ҳолатдан бехабар бўлган.
Ўрганиш жараёнида туман ҳокими ўринбосари М.Мансуров тадбиркор С.Хасановга нисбатан хеч қандай шахсий адовати йўқлигини, аксинча тадбиркорлик фаолиятини мамлакатимиздаги амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ амалга оширилишида ўзи ёки ҳокимлик томонидан хеч қандай тўсиқлар мавжуд эмаслигини маълум қилди.
Бўлиб ўтган воқеликка ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида, ўрганиш давомида тўпланган хужжатлар илова қилиниб, қонуний хулоса бериш учун Ўзбекистон туман прокуратурасига тақдим этилди. Зеро, мурожаатчи С.Хасановнинг ўзи ҳам ижтимоий тармоқдаги мурожаатида мавжуд ҳолат юзасидан ваколатли идоралардан ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишларини илтимос қилган.
Шу ўринда, яна бир бор шуни таъкидлашни жоиз деб билдикки, туман ҳокимлиги туманда тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, фуқароларнинг ўз бизнес лойиҳаларини амалга оширишлари, оилавий тадбиркорликларини йўлга қўйишларини тўлиқ қўллаб қувватлайди ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳурмат қилади.
Шунингдек, ижтимоий тармоқлар, интернет фойдаланувчилари ва фуқаролардан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан юқоридаги ҳолатлар бўйича тегишли тартибда муносиб ҳуқуқий баҳо берилмагунча вазиятни бошқача талқин қилмасликларини сўраймиз.