Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 79 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

ЎЗБЕКИСТОН ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИНИНГ РАСМИЙ БИЛДИРИШИ

×

 2020-09-25 18:50:40    139

PDF yuklash
Chop etish


Кун.уз нашрининг телеграм ижтимоий тармоғидаги Фарғона вилоятига оид хабар ва янгиликлар расмий каналида “Ўзбекистон тумани марказидаги маҳаллада газ йўқ. Аҳоли ички кўчаларнинг ҳам носозлигидан шикоят қилмоқда” сарлавҳаси билан мурожаат эълон қилинди.

Унда шахси очиқланмаган мурожаатчи номидан Ўзбекистон тумани, Яйпан шаҳар “Бозор Яйпан” МФЙ ҳудудидаги “Пахтакор” ҳамда “Ҳамид Олимжон” кўчаларидаги тармоқда табиий газнинг йўқлиги, суюлтирилган газ баллонлари ҳам ўз вақтида етказиб берилмаётганлиги, шунингдек ичимлик суви таъминоти ва ички йўлларнинг ҳолати ҳақида ҳам баён этилган.

Шунга кўра, Ўзбекистон тумани ҳокимлиги қуйидагиларни маълум қилади.

Ижтимоий тармоқдаги мазкур мурожаат юзасидан тегишли соҳа мутахассислари жалб этилиб, “Бозор Яйпан” маҳалла фуқаролар йиғинида манзилли ўрганиш олиб борилди. Ўрганиш жараёнларида маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари ҳам иштирок этиб, бевосита ҳудуд аҳолиси вакиллари билан ҳам яқиндан суҳбатлашилди.   

“Бозор Яйпан” маҳалла фуқаролар йиғинидаги мавжуд 601 та хонадонда 3100 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ушбу аҳолининг 176 нафари МФЙга қарашли “Ҳамид Олимжон” кўчасига, 91 нафари эса “Пахтакор” кўчаси ҳиссасига тўғри келади.

“Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали матбуот хизматининг маълум қилишича 2012-2018 йиллар мобайнида табиий газ таъминоти қониқарсиз ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли хонадонлари белгиланган тартибда вилоят ва туман ҳокимларининг тегишли қарорлари асосида табиий газ тармоғидан узилиб, суюлтирилган газ таъминотига мослаштирилган.

“Ўзбекистонтумангаз” бўлими томонидан тумандаги суюлтирилган газ таъминотига мослаштирилган 33 минг 636 та аҳоли хонадонларига шартнома асосида маиший газ баллонлари еказиб берилган. Мурожаатда кўрсатилган Ўзбекистон тумани, “Бозор Яйпан” МФЙ ҳудудидаги 432 та аҳоли хонадонлари суюлтирилган газ билан таъминланади.

Мазкур МФЙ хонадонларига 2020 йилнинг январь-сентябр ойларида жами 46 тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган бўлиб, ўрганиш куни (24 сентябрь) ҳолатига кўра 45,1 тонна (98%) суюлтирилган газ етказиб берилди. Маҳалла фуқаролар йиғинидаги табиий газ тармоғидан узилган истеъмолчилар “зангори олов”дан бу йили ўтган йилга нисбатан 30 фоиз ортиқ миқдорда мунтазам равишда тасдиқланган графикка асосан таъминланиб келинмоқда.

Ичимлик суви таъминоти юзасидан, “Ҳамид Олимжон” кўчасидаги жами 31 та хонадоннинг барчаси ва “Пахтакор” кўчасидаги 18 та хонадоннинг 14 таси тоза ичимлик суви билан таъминланган. (Ичимлик суви тармоғи етиб кирмаган 4 та хонадон тўғрисида қуйида батафсилроқ тўхталамиз)

Маълум бўлишича “Ҳамид Олимжон” кўчасини тоза ичимлик суви билан таъминловчи сув қудуғининг насоси яқин ўтган кунларда янги таъмирланган. Таъмирлаш жараёнида сув иншоатидаги электр тақсимлаш қурилмаси (электр шити)га ўрнатилган электр токи етказиб берувчи мослама (реле пускатель)нинг қуввати етмаганлиги сабабли ичимлик суви таъминотида вақтинчалик муаммо юзага келган. Хозирда мавжуд муаммони ижобий ҳал этиш юзасидан, хусусан мавжуд мосламани имкон қадар тезроқ юқори қувватлисига (160А русумидаги) алиштириш борасида “Сувоқава” ДУК тумани филиали томонидан зарурий чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Шунингдек, “Пахтакор” кўчасидаги мавжуд ҳолат ўрганилганда юқорида таъкидланганидек, мазкур ҳудудда ҳам ичимлик суви тармоғи тортилган. Фақат, кўча бошидаги айнан 4 та хонадон ичига сув тармоғи етиб кирмаган. Шу ўринда, кўчада ичимлик суви тармоғи, кўча калонкаси мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, айнан мазкур хонадонларга ҳам хонадон эгаларининг розилиги билан тармоқ тортишнинг имконияти мавжудлиги аён бўлди. Бу борада ҳам, “Сувоқава” ДУК туман филиали айнан шу хонадонларга кўча калонкасидан тармоқ тортишга хеч қандай қаршилиги йўқлиги, аксинча хонадон эгалари ҳоҳлаган вақтда мурожаат этишганда тегишли тартибда сўзсиз рухсат берилишини маълум қилинди.

Мурожаатда МФЙ ҳудудидаги ички кўчаларнинг ҳолати юзасидан иддао қилинган ҳолат ҳам ўрганиш давомида ишчи гуруҳнинг эътиборида бўлди.

Ҳудуддаги “Ҳамид Олимжон” кўчаси тўлиқ асфальтлаштирилган. Туман ободонлаштириш бошқармаси мутасаддилари иштирокидаги ўрганишлар давомида “Пахтакор” кўчаси ҳам муқаддам асфальтлаштирилганлиги, лекин вақтлар ўтиши билан айрим қисмларида асфалть қопламаси кўчиб, тош-шағалли ҳолатга айланганлиги маълум бўлди. Бу борада ҳам кўчани таъмирлаш борасида тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Мазкур ички йўлга айнан асфальт ётқизиш ишлари навбатдаги дастурларга киритиш кўзда тутилди. Унгача ҳам кўчага шағал ётқизиш мумкинлиги, бу борада туман ҳокимлиги, Ободонлаштириш бошқармаси томонидан эҳтиёждан келиб чиқиб, қанча зарур бўлса, етарли даражада шағал билан таъминлашда амалий ёрдам берилиши маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва ҳудуд аҳолиси вакиллари маълум қилинди.

Яйпан шаҳар, "Бозор Яйпан" МФЙ, "Ҳамид Олимжон" кўчаси
Яйпан шаҳар, "Бозор Яйпан" МФЙ, "Пахтакор" кўчаси

Шу ўринда, яна бир бор таъкидлашни жоиз деб билдикки, фуқаролар томонидан билдирилган ҳар бир мурожаат туман ҳокимлиги эътиборидан четда қолдирилмайди. Шу билан биргаликда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ва бугунги кунда ҳам изчиллик билан олиб борилаётган очиқлик сиёсатини, мустаҳкам асосга эга фикр эркинлигини туман ҳокимлиги тўлиқ қўллаб-қувватлаб, айнан холис ва конструктив танқид орқали мавжуд муаммоларни ҳал этишга кўмаклашадиган барча оммавий ахборот воситалари билан келажакда ҳам мустаҳкам ҳамкорликда иш юритишга тайёрлигини маълум қилади. 

Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати