Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
РУХСАТ ЭТИШ ХУСУСИЯТИГА ЭГА ҲУЖЖАТЛАРНИНГ ХАБАРДОР ҚИЛИШ ТАРТИБИ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?
2020-09-18 17:40:22 177
Мамлакатимизда кейинги йилларда тадбиркорлик ва ишбилармонлик, инвестиция муҳитини тубдан ислоҳ қилиш, такомиллаштириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, кенгг имкониятлар ва шарт-шароитлар яратиш мақсадида бир қатор самарали ишлар амалга оширилди.
Бунда асосий эътибор тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилашга, соҳада ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга, эскирган, замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни такомиллаштиришга қаратилмоқда.
Тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш, ортиқча қоғозбозликларга барҳам бериш борасида олиб борилаётган ишларни узвий давоми сифатида жорий йилнинг24 августида қабул қилинган ПФ-6044-сонли “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони лицензиялаш ва рухсат бериш тизимини либераллаштириш ҳамда институционал ислоҳ қилишнинг янги босқичини бошлаш учун мустаҳкам асос яратди.
Фармонда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш ҳамда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш орқали тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун янада кенг шарт-шароитларни яратиш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар, вазифалар белгилаб берилди.
Жумладан, Фармонда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг хабардор қилиш тартиби жорий этилиши йўли билан бекор қилинишига доир бир қатор тартиблар белгилаб берилди.
Белгиланган тартибга кўра, хабардор қилиш тартиби жорий этилган фаолият ёки харакат учун расмийлаштирилган лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг амал қилиши ўз кучида қолади ва ушбу фаолиятни амалга ошириш учун ваколатли органни хабардор қилиш талаб этилмайди.
Хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият жумласига фаолиятни бошлаш ёки ҳаракатни амалга ошириш учун ваколатли орган томонидан қарор қабул қилиниши талаб этилмайдиган, бироқ давлат томонидан тартибга солиниши ҳамда тегишли фаолият билан шуғулланаётган субъектларнинг ҳисобини юритишни таъминлаш учун қонун ҳужжатларида белгиланган талаб ва шартларга риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олиш орқали амалга ошириладиган фаолият турлари киради.
Шунингдек, хабарнома юбориш орқали жисмоний ва юридик шахслар хабардор қилиш тартиби жорий этилган фаолият ёки ҳаракатни амалга ошириш учун қонун ҳужжатларида белгиланган талаб ва шартларга мувофиқ эканликларини тасдиқлайди. Бунда, автоматлаштирилган электрон тизим орқали қонун ҳужжатларида белгиланган талаб ва шартларга мувофиқлиги ҳужжатларни тақдим этиш жараёнида устувор равишда инсон аралашувисиз текширувдан ўтказилади.
Амалга оширилиши учун лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат ва ваколатли органни хабардор қилиш талаб этиладиган фаолият турлари рўйхатлари қонун билан тасдиқланади ҳамда тегишли қонун қабул қилингандан сўнг ушбу рўйхатларга киритилмаган фаолият ёки ҳаракатни амалга ошириш учун жисмоний ва юридик шахслардан маъмурий тартиб-таомиллардан ўтишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.
Фармонга кўра, тегишли ваколатли органлар томонидан лицензиялар бериш, уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш ва уларни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг электр энергияси, табиий газ етказиб бериш, сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича, шунингдек, ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлиги мавжудлиги сабабли давлат хизматлари кўрсатишни рад этиш, лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида тузиладиган ўзаро шартномаларга алмаштириш, лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш ҳақидаги аризаларни кўриб чиқиш, ушбу ҳужжатларни бериш, шунингдек, назорат функцияларини амалга ошириш жараёнида тадбиркорлик субъектини лицензия ва рухсат беришга доир талаб ва шартларда назарда тутилмаган ҳақ эвазига бошқа турдаги хизматлардан фойдаланишга ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олишга бевосита ёки билвосита мажбурлаштаъқиқланади.
Бундан ташқари, Фармонда 2020 йилда муддати тугайдиган барча лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг амал қилиш муддати 2021 йил 1 январга қадар узайтирилиши, уларнинг муддати ўтганлиги муносабати билан жавобгарликка тортиш ва бошқа чоралар қўлланилиши таъқиқланди ҳамда фаолиятнинг лицензияланадиган тури билан шуғулланадиган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан ташкил этилган давлат унитар корхоналари ва нодавлат ташкилотларнинг тегишли лицензияни олмасдан фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи 2021 йил 1 январдан бекор қилинди.
Фармонда назарда тутилган яна бир аҳамиятли жиҳатга эътибор қаратсак, Ўзбекистон Республикаси Яна бир аҳамиятли жиҳатга эътибор қаратсак, Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан 2021 йил 1 январга қадар лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари билан боғлиқ барча жараёнларни қамраб олган ҳолда идоралараро электрон ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятига эга ҳамда махсус мобил иловаси мавжуд бўлган «Лицензия» ахборот тизими ишлаб чиқилиб, ишга туширилиши таъминланади.
Ишга туширилиши мўлжалланган «Лицензия» ахборот тизимида лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтишда, лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш ёки амал қилиш муддатини узайтириш учун ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни топшириш, QR-код (матрик штрихли код) қўйилган электрон лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш, ваколатли органлар томонидан аризаларни кўриб чиқиш ҳамда лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш ёки беришни рад этиш ҳақида қарорлар қабул қилиш, фаолиятни бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида ваколатли органни хабардор қилиш учун хабарномалар юбориш ва хабарнома қабул қилинганлиги тўғрисида тасдиқномалар олиш, аризани кўриб чиқиш учун давлат божи, йиғим ва барча турдаги тўловларни Ягона биллинг тизими орқали электрон тўлаш, лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни қайта расмийлаштириш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва бекор қилиш ҳақидаги аризаларни қабул қилиш ва кўриб чиқишга доир фнукцияларни амалга ошириш назарда тутилган.
Фармонда келтирилган яна бир аҳамиятли жиҳатга эътибор берсак, янги турдаги лицензиялар, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва фаолиятни бошлашнинг хабардор қилиш тартибини жорий этишни ҳамда уларни тартибга солиш шаклларини ўзгартиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ижобий хулосалари мавжуд бўлгандагина, шунингдек, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган ҳолда Адлия вазирлигига киритилади.
2021 йилнинг 1 январидан бошлаб лицензияланадиган фаолият ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг хабардор қилиш тартиби жорий этилиши йўли билан бекор қилинадиган айрим турларининг рўйҳати Фармоннинг 3-иловасига мувофиқ белгиланган.
А.Эргашев
Ўзбекистон туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси