Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон туманилик 6 нафар юртдошимизга Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспорти топширилди
2020-09-12 21:11:26 208
Узоқ йиллар давомида мамлакатимизда яшаб, расмий равишда фуқароликка эга бўлолмаган қанчадан-қанча шахсларга давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизнинг тенг ҳуқуқли фуқароси мақоми берилаётганлиги нафақат мамлакатимиз миқиёсида, шу билан биргаликда халқаро ҳамжамият томонидан ҳам демократик принципларнинг ифодаси сифатида юксак эътироф этилмоқда.
Дарҳақиқат, инсон учун фуқаролик паспортига эга бўлиш энг катта ғурур туйғусини бахш этади. Туманимизда истиқомат қиладиган 6 нафар юртдошимиз ҳам ана шундай бахт соҳибига айландилар.
Туман ҳокимлигида карантин қоидаларига риоя этилган ҳолда ташкил этилган тадбирда уларга фуқаролик паспортлари тантанали равишда топширилди.
Тадбирда туман ҳокимлиги, туман ИИБ масъул раҳбарлари, туман Кенгаши депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Унда сўзга чиққан, Ўзбекистон тумани ҳокими Қахрамонжон Джураев, туман ИИБ бошлиғи Бахтиёржон Нажмиддинов, туман ИИБ Мва ФРБ бошлиғи Ўткирбек Шерғозиевлар мамлакатимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётган, аммо ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра фуқаролиги бўлмаган шахсга айланиб қолган инсонларнинг ҳаётий муҳим масалаларини ҳал этишга давлатимиз раҳбари алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлаб, бугунги қувончли кун қахрамонлари, шоду хуррамлик соҳибларини бундай юксак бахт билан самимий қутлади.
- Ўзбекистонга 1993 йилда Қирғизистон Республикаси Жалолобод шаҳридан келин бўлиб келганман ва ўшандан бери шу туманда яшайман. 4 нафар фарзандим шу масканда туғилди. Турмуш ўртоғим билан яна 2 нафар фарзандни васийликка олганмиз. Уларнинг барчасини Ўзбекистон аталмиш жаннатмакон юртга муҳаббат ва содиқлик руҳида тарбиялаб келмоқдамиз. Фуқаролик паспорти берилишини 27 йил кутдим, - дейди Авғон қишлоғилик Одинахон Мирзаева. – Мана бугун нафақат ўзим, балки оила аъзоларимиз билан орзу қилган Ўзбекистон фуқароси, деган шарафга эга бўлдим. Бу эса, шу юртнинг ҳақиқий фуқароси эканлигимдан ғурурланиш туйғумни мустаҳкамлади. Бунинг учун давлатимиз раҳбарига улкан миннатдорчилик билдираман.
- Ўзим Ўзбекистонда туғилганман. Турмуш ўртоғим собиқ иттифоқ даврида 11 йил давомида Россия давлатининг олис ўлкасида бурғулаш корхонасида ишлаган. Ўша даврда, аниқроғи 1988 йилда у кишининг ортидан мен ҳам турар жойимдан доимий рўйхатдан чиқиб, қўшни давлатга вақтинчалик кўчиб ўтган эдим. 1993 йилда Ватанга қайтганмиз. Ўшандан буён фуқаролик паспортига эга эмас эдим, - дейди Пахтабўстон қишлоғида истиқомат қилувчи Жамилахон Янгибаева. - Юртбошимизнинг одилона ислоҳоти натижасида мана бугун юрагимнинг бир четидаги армон тугунлари ечилди. Энди бошимни дадил кўтариб, мана шу юртнинг ҳақиқий фуқароси эканлигимдан ғурурланиб юраман. Хаммадан ҳам турмуш ўртоғимни хурсандчилигини қаранг, у кишининг бугун менга тақдим этган катта гулдастасини унутилмас шодлик, садоқат ва меҳрнинг намунаси деб билдим.
- Раҳматли отам 1965 йилда қўшни Тожикистон Республикасига шахтада ишлаш учун кўчишган. 1971 йилда ўз туманимизда, Туюл қишлоғида туғилиб, сўнг отамнинг ортидан кўчганмиз. 1993 йил май ойида Тожикистондан қайтиб келганмиз, – дейди Шўрсув маҳалласида яшовчи Иброхимжон Махсудов. – Ўшандан буён “Шўрсув”даги саноат корхоналарида меҳнат қилиб келаман. Хозир хам гипс ишлаб чиқариш корхонасида механик вазифасида ишлайман. Қўлимда гулдек ҳунарим борлиги, оилам фаровон ва бут, юртим тинчлигига шукр қилиб келаман. Лекин, бир армон-фуқароликсиз яшаш дилимни хира қиларди. Аммо у кунлар энди ортда қолди. Бунинг учун юртбошимизга, бизга яқиндан ёрдам берган барча мутасадди раҳбарларга чексиз ташаккур айтаман. Бундан буён ҳам оила аъзоларим билан мамлакатимиз тараққиёти учун ҳалол меҳнат қилишдан толиқмаймиз.
Салкам 30 йилдан буён тўлақонли фуқароликка эришиш илинжида яшаган ушбу юртдошларимизнинг ана шундай чексиз ҳаёжон ва қувончлари билан тантанали тадбир унутилмас онларга бой бўлди.
Маълумот ўрнида таъкидлаб ўтиш жоизки, Президентимизнинг жорий йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимизга кўчиб келиб, доимий рўйхатдан ўтиб яшаётган, фуқаролиги йўқ шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини бериш юзасидан ҳам тегишли вазифалар белгиланган эди. Шунга мувофиқ, шу йилнинг 13 март куни “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонуни қабул қилинган. Мазкур Қонуннинг 6-моддасида, ушбу қонун кучга киргунга қадар, Ўзбекистон Республикасида фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси билан яшаб келаётган ва чет давлат фуқаролигини олмаган, Республикамиз ҳудудида 1995 йилнинг 1 январига қадар доимий рўйхатдан ўтган шахсларни Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тан олиш тартиби амалга киритилган.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати